“ГАП-СЎЗ” ҚУРБОНИ(by Probel)
“ГАП-СЎЗ” ҚУРБОНИ
Шамсиддин аканинг қизи ҳали ўн олтига ҳам кирмаган, бу маъсума оилавий турмуш, ҳаёт нима эканини тушунишга ҳам улгурмаганди. Шамсиддин ака уни саккизинчи синфдан кейин ўқитмай қўйди. “Қиз бола ўқиб, гўр бўлармиди? Бас, ортиқ мактабга бормайсан!”, дея туриб олди. Орадан кўп ўтмай эса қизининг устидан янги қарор чиқарди. “Қиз болани жойи чиқса, дарҳол узатиш керак. Бошга ёстиқ қилиб ўтиргандан наф йўқ...”.
Шамсиддин аканинг бу қарори шамолга айланиб, ўзгаларнинг қулоғига чалиндими ёки Мавлудани мактабга бормай қўйгани баъзиларнинг эътиборини тортдими, эшикни совчилар қоқиб кела бошлади.
Ниҳоят, Шамсиддин ака ўзига маъқул куёвни танлади. Бу қишлоқдаги энг бообрў хонадон эгаси Шоқосим аканинг ўғли Сардор эди. Тўй ёзнинг охирига белгиланди. Мавлуданинг ёши қонуний никоҳдан ўтишга хали етмагани боис, икки томон қудалар фақат шаъриий никоҳ билан чегараланишга келишди.
Тўйгача, бор йўғи, икки ой қолганди. Аммо мана шу фурсат Мавлудани бошига улкан кўргуликлар тушиши учун етарли вақт бўлди.
*****
Ҳаммаси Шамсиддин аканинг уйига илк совчи бўлиб бориб, аммо рад жавобини олган Гулбаҳор опанинг гап-сўзидан сўнг бошланди:
— Э, ўзимнинг ҳам шу қизни келин қиламан, деб кўзим учиб тургани йўқ эди, — деди шу мавзуда савол берган ён қўшниси Халима опага. — Ўғлимнинг кўнгли учун боргандим. Ўйлаб кўрсам, хато қилибман. Бу қиз менинг ўғлимнинг тенги эмас экан.
— Нега, хали гулдек қиз бўлса....
— Гулдек қиз, — афтини эътирозли бужмайтирди Гулбахор опа. — Шу жойда адашяпсиз. Шамсиддин қизини эрга беришга бунақа шошилгани бежиз эмас. Бўлмаса хали ўн олтига ҳам кирмаган. Олдин бу ҳақда ўйлаб кўрмаганимни қаранг. Анави Шоқосим акалар билан дарров келишиб олди. Демак, уларнинг ўғли ва қизлари орасида бир гап бўлган...
— Йўғ-е, наҳотки... — кўзлари чақнади ғийбатга мойил Халима опанинг. — Демак, бежизга ёш бўлса-да узатмаётган эканда.
— Шундай, биз эса буни англамаганмиз. Билмай совчи бўлиб борганман. Йўқса, ўғлимнинг анавиларнинг арзандасидан нима ками бор. Аниқ, қиз иффатини йўқотган. Шунинг учун шошилинч узатишяпти.
Халима опа афсусланганнамо бош тебратди:
— Шунақа денг. Ҳа, ростдан ҳам, ўн беш ёш қизни узатишлари шубҳали.
Бу икки ғийбатчи аёл орасида туғилган бўҳтон улғайиб, бутун қишлоққа ёйилди.
Одамларнинг аксар қисми буни шууран асосли топди. Атрофда “Мавлуда Сардор билан пинҳона юриб қўйиб, ота-оналар ноилож, тўй қилишяптийкан...” “Шамсиддин ака, бекорга қизини ёшгина узатмаяпти, йўқса, у ҳам бошқалар каби қизини ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш нияти йўқ эмасмиди?”, — деган гаплар урчиди. Бу гаплар шабадаси дугоналари орқали Мавлуданинг ҳам қулоғига чалинди.
— Мавлуда, сен ҳақингда қишлоқда ҳар хил гаплар юрибди, — деди дугонаси Ҳилола.
— Ҳа, — тасдиқлади иккинчи дугона Саида ҳам. — Мен ҳам куни кеча холам билан онам гаплашиб ўтиришганида эшитиб қолдим. Айтишларича, отанг мажбур бўлиб сени узатаётган экан.
— Нима!? Бу билан нима демоқчисизлар? — ҳайрон боқди Мавлуда.
— Хафа бўлмаку-я, одамлар сени юриб қўйиб, турмушга чиқяпти дейишаётганмиш.
— Шунинг учун даданг мажбур бўлиб....
Кейинги дугонанинг гапи чала қолди. Мавлуда ўз дугоналаридан бундай гапни кутмаганди. Бу каби бўҳтоннинг юзга айтилиши, айниқса, ўз дугоналаридан эшитиш қизнинг қалбига ҳанжардек ботди.
— Нима!? Бу нима деганларинг?.. Мен юриб қўйиб, турмушга чиқаётганмиканманми?
— Мавлуда, биз эшитган гапимизни айтяпмиз. Лекин бунга ишондик, деганимиз йўқ. Сенинг қанақалигингни яхши биламиз. Лекин элнинг гап-сўзи...
— Даданг ҳам нотўғри иш қилган, — гапга суқилди Саида. — Хали ўн олтига ҳам кирмагансан. Шу боис, мана шунақа гаплар урчиган.
Мавлуданинг кўзларига ёш қуйилди:
— Бу нима деган гап, нима туҳмат. Наҳотки, одамлар... Нима, айбим ёш турмушга чиқаётганимми? Дадам, мени мажбурликдан узатаётгани йўқ. Мен... Одамлар мени ғийбат қилган ўша йигит билан ҳали кўришмаганман ҳам....
Мавлуда ортиқ ҳеч нарса демай чиқиб кетди. Шу кеча у туни билан йиғлаб чиқди. Аммо дардини ҳатто, онасига ҳам айтмади.
*****
Мунира опа қизи айтмаса-да, унинг дардига сабаб бўлган воқеани бошқа томонлама билиб олди.
— Опа, бекор қиляпсиз, қизларингизни ёш узатиб, — деди бир куни синглиси Ойсара навбатдаги ташрифида.
— Нима қилай, ҳўжайиннинг қарори шу — жавоб берди Мунира опа синглисининг эътирозини оддий холдек тушуниб.
— Бу қарор қизингизнинг номига ўчириб бўлмас доғ туширганидан хабарингиз бордир?!
— Тушунмадим?! — ҳайрон бўлди Мунира опа.
— Нимасига тушунмайсиз?..
— Бизнинг қишлоққача гап-сўз етиб борди. Гўё, поччам ноиложликдан қизини узатаётганмиш. Яъни Мавлуда ўша йигит билан юриб қўйганмиш. Буни қандай ҳазм қилиш мумкин?..
— Нималар деяпсан?! — кўзлари олайиб кетди Мунира опанинг.
— Қизингиз бадном бўлди...
— Оғзингга қараб гапир! — жони чиқиб кетгандек бўлди Мунира опанинг.
— Менга бақирманг! Ҳаммасига, одамларнинг шундай ўйга боришига ўзларингиз сабабчисизлар. Йўқса, ўн беш ёш мурғак қизни хотинликка бериш... Ақлга сиғмайди. Мана, мени қизим ундан икки ёш катта, лекин кўзимга ҳалиям гўдак. Сиз поччам билан гаплашинг, халиям тўйни қолдиринглар. Бу фақат шу гап-сўзлар учун эмас. Қизингизнинг келажаги учун ҳам керак. Ахир, унинг устида орзуларингиз йўқми?
Опа-сингил орасидаги суҳбат кўпга чўзилмади. Сингил кетди. Кечга яқин эса ишдан қайтган эрига ёрилди.
Аввалига бу гаплардан Шамсиддин аканинг жаҳли чиқди. Бироқ бу унинг қароридан қайтиш учун хизмат қилолмади.
— Тўй бўлади. Ўша ғийбатчи, тухматчи ярамасларнинг юзи бир куни ерга қарашига ишонаман. Аллақандай гап-сўзлар мақсадимдан қайтаролмайди.
— Дадаси... Бу фақат гап-сўз учун эмас... Ҳеч бўлмаса яна бир-икки йил ўтсин. Қизимиз ҳали жуда ёш...
— Мен ҳеч қачон қароримдан қайтмайман. Тўй куни белгиланганидан бир кун ҳам кечикмайди.
— Дадаси...
— Бас!!!
Шамсиддин ака ортиқ эшитишни ҳам истамай шартта ҳовли томон чиқиб кетди. Бу суҳбатни қўшни хонада туриб тинглаган Мавлуданинг кўзларига ёш қалқиди. У падари қарорини ўзгартиришига ниҳоятда, умидвор бўлганди.
*****
Кечадан бери Сардорнинг кайфияти ёмон. Ҳаммаси ошналари билан бўлган кечқурунги зиёфатда содир бўлди.
Ошналаридан, айниқса, энг яқин дўсти Шодиёрдан бундай пичингни кутмаганди. Туппа-тузук суҳбатлашиб ўтиришганди. Дабдурустдан Сардорнинг тўйи мавзусига гап бурилди:
— Сенга гап йўқ ошна, ўн беш ёш қизга уйланиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Ота-онасини қандай кўндирдиларинг, ҳайронман.
Шодиёрнинг иршайиб айтган шу гапи бошқаларнинг ҳам ичидаги қайнаётган гап қозонларини очилишига туртки бўлди.
— Ҳа, — деди Соҳиб дегани. — Биз буни уддалай олмасдик.
— Сен писмиқ, — дея гапни илиб кетди учинчи ошна Шерали. — Олдиндан бу қизнинг бошини айлантириб юрган кўринасан. Йўқса, гулдек қизни илк совчи солишларингдаёқ ота-онаси қўш-қўллаб бериб юбормасди.
Агар яқиндан бери баъзи гап-сўзлар Сардорнинг қулоғига чалиниб, жаҳли чиқиб юрган бўлмаганида эди, ошналарнинг бу гапларини пичинг эмас, самимий тарзда қабул қиларди. Аммо ҳозир бу унинг ҳамиятига тегди. Аламини келтирди.
— Мен у қиз билан хали учрашувга ҳам чиққаним йўқ, — деди сезиларли асабийлашиб.
— Қўйсанг-чи, — деди Шодиёр кулиб. — Гапини қаранглар, ҳатто, учрашувга ҳам чиқмаганмиш. Сен кўр-кўрона уйланиб кетаверадиганлар тоифасидан эмассан. Аниқ, ўша дўмбоқчангни яхшилаб чиғириғингдан ўтқазгансан. Ким билади балки...
Шодиёр гапини тугатмади. Унинг муғомбирона иршайиши нима демоқчилигини билдириб бўлганди.
Сардорнинг бундан баттар жаҳли чиқди:
— Ҳаддингдан ошма. Бундай хулоса чиқаришга нима ҳақинг бор, — дея ўрнидан туриб кетди.
— Ўзингни бос ошна, — деди Шерали. — Нега ғазабланасан? Шундай ёш қизни илинтирган экансан, қаддингни ур. Бунинг нимаси ёмон?
— Бас!!!
Сардор ортиқ ошналари билан гаплашгиси ҳам келмай, шартта жўнади. Ўртоқлари унинг ортидан хай-хайлаганча қолаверди.
Мана, шу воқеа Сардорнинг кўнглини вайрон қилганди. Ана энди шу кайфиятда илк учрашувга чиқиши керак. Кўпчилик бундай учрашувни ҳаяжон билан қаршилайди. Аммо афтидан Сардорга бундай туйғу насиб қилмайдиган кўринади.
*****
Мавлуда алланечук қўрқувга қоришиқли ҳаяжонда, бўлажак турмуш ўртоғи бўлиши мумкин бўлган йигит билан илк учрашувга чиқди. Унда шарм ва уят шунчалик кучли эдики Сардорнинг юзига ҳам тик қарай олмасди. Шу боис, йигитнинг тунд чеҳрасини дархол пайқамади. Бир пас зўраки суҳбатдан сўнг Сардорнинг томдан тараша тушгандек:
— Отанг намунча сени узатишга шошилди ҳайронман, — дейиши қизнинг бошига муздек сув қуйгандек бўлди. Сардорга ярқ этиб боқди.
Унинг саволомуз нигоҳига йигит дош беролмагандек кўзларини олиб қочди. Лекин овозидаги совуқ оҳанг заррача сўнмади:
— Бутун қишлоқда иккимиз ҳақда бўҳтон, ғийбат юрганини биларсан. Мен бунақа тарзда: гап-сўз остида уйланишни истамагандим. Кимга қарасам, қўлини бегиз қилиб кўрсатаётгандек, устимдан кулаётгандек.
Орага бир пас оғир сукут чўмди. Кейин Сардор деди:
— Мен барибир ҳайронман, намунча даданг сени узатишга шошилмаса... Ахир, энди ўн бешга киргансан!?
Бу сўзнинг такрор айтилиши хунук маъно касб этди. Қизнинг кўнглига ҳанжардек ботди. Мавлуда ҳамма гап-сўзларга чидаганди. Аммо бу гап эндиликда бўлғуси умр йўлдошининг оғзидан жаранглаши ҳазм қилиб бўлмас хол эди. Қизнинг кўзларига ёш қалқди...
...Мавлудаинг илк учрашуви мана шунда дилхира кечди. Ярим тунгача ухлолмай йиғлаб чиқди. Сардорнинг хайрлашув олдидан “Мен сенга уйланишга мажбур эмасман. Лекин энди уйланмасам қишлоқда баттар бадном бўласан” — дегани хаёлида тинмай чарҳ урди.
Шу топда Мавлуданинг ғам-ғуссаси мурғаккина юраги учун жуда улкан юк эди. У буни кўтара олишга қодир эмасди. Ҳамма ноҳақ бўҳтон “гап-сўз”лар йиғилиб, унинг хотирасида қайта ва қайта жонланаверди... Мавлуда олдинда ўзи учун порлоқ йўлни кўрмади. Фақат биргина йўл қолгандек эди. Бу эса йўл эмас, мудҳиш хато эди...
*****
Бутун қишлоқда даҳшатли хабар тарқалди. “Шамсиддин аканинг қизи ўзини осиб қўйибди.” “Бояқиш тунда жонига қасд қилибди...”
Ҳамма таъзияга шошилди. Пешин пайти майитни олиб чиқишди. Шамсиддин ака йиғлайвериб холдан тойганди. Хотинининг эса ахволи унданда баттар. Таъзияга келган борки, уларга кучли ачиниш билан боқарди.
Аммо вазиятнинг энг аянчлиси шундан иборат эдики, куни кеча тухмат, ғийбат чиққан оғизларда эндиликда ўзга сўзлар айланарди. “Эссиз, гулдек қиз эди-я”, “Турмушга чиқишга ҳам улгурмай, бокира кетди, аттанг!”
Янгича ҳаёт.
Эрининг борган сари кўп пул топа бошлаши Майсарани босар тусарини билмай қолишига сабаб бўлди. ҳа, Майсара эри бойиган сари ўзгара бошлади. Атрофдагиларга менсимай назар ташлайдиган, ўзини ошкора такаббурона тутадиган одат чиқарди. Маҳалладош аёллар аро ҳар ой бир марта ўтказиладиган гап гаштакларда эса ҳеч кимга гап бермайдиган бўлиб қолди. Эри эмас ўзи пул топаётгандек мақтангани мақтанган.ҳар гал рўзғоридаги бирор янгиликни айтмаса кўнгли жойига тушмасди. Бу гал ҳам шундай бўлди.
-Кўрган бўлсаларинг эски Нексиямизни сотиб,яп-янги Ласетти олдик.-деди кеккайиб.
-Сизга ҳавасим келаяпти.-ялтоқланганча гап қўшди маҳалладош аёл Нигора.-Шокир ака борган сари ишбилармон бўлиб бораяпти. Бизникини эса Худо урган. ҳатто отасидан қолган эски уловини ҳам тайинли таъмирлаб минолмайди.
-Бизникини эса умуман техникага хаваси йўқ.-гапга қўшилди Муслима опа дегани.-Биз ҳам одамларга ўхшаб машина олиб минсак бўлмайдими десам, “машинани нима кераги бор. Ана кўча тўла машина,қўлингни сал силкитсанг бира тўла тўрттаси олдингга келиб тўхтайди” дегани деган.
Бу гаплардан Майсаранинг баттар кўкраги керилди:
-Менга қолса эски Нексиямизни ҳам соттирмоқчи эмасдим.Дадасига уёқ бу ёққа оддий ишларга хайдаб юрасиз дегандим, э нима қиласан эски аравани. Яқинда “Каптива” олсак Ласеттимиз шунақа оддий ишларга яраб қолади деди.
Бу гаплар бир уй хотин ҳалажни янада лол қолдирди.
Кейинги гаштакда Майсарахон яна бир ўз маиший ҳаётидаги янгиликлардан гап бошлади.
-Уйимиздаги эски туски уй жихозларини сотаяпмиз.
-Эе,нега?.
-Янгисини харид қилдик. ҳўжайин куни кеча уйга бир камаз мебил гарнитур туширтирди. ҳаммаси чет элники.Шу боис эскиларидан тезроқ уйни бўшатмоқчимиз. Оладиганлар бўлса арзонроқ қилиб берамиз....
-Уйингизга борганимда кўргандим-деди Муслима опа.-жихозларингиз жа эски эмас. Агар сотадиган бўлсангиз мен оламан.
-Мен ҳам....
-Менга эса диван керак.- аёллар бозорда тургандек чуғирлашиб қолишди.
******************
Майсарахонни бу галги зиёфатга қанақа янгилик билан кириб келиши ҳаммага аниқ эди.Уни эри билан шаҳарга кўчиб кетаётгани бутун қишлоққа овоза бўлиб бўлганди.
Шу боис бу сафарги гаштакда Майсарахон саволларга кўмилиб кетди.
-Шаҳарчага кўчиб кетаяпсизмикан?....
-Эрингиз янги уй сотиб олибдимикан?...
-Энди бир ойда бир ўтқазиладиган гап-гаштакка келолмайсизми?...
Майсарахон жилмайиб жавоб берди:
-ҳа, уйни ҳам янгиладик. Яқинда кўчиб кетамиз. Янгича ҳаёт бошлаймиз. Лекин хотирларинг жам бўлсин. ҳар ой бир бора сизларнинг зиёфатингизга келиб кетишга вақт топарман.
Аёллар бу гапдан мамнун бўлишди. Шундан сўнг Майсарахон яна алламбалоларни гапириб анча вақтгача мақтаниб ўтирди.
**********************
Кутилмаганда хунук хабар тарқалди. Майсарахон икки боласини олиб ҳозир қишлоқдаги эски уйига қайтиб келганмиш. Кайфияти ёмон,ҳатто яқинлари билан ҳам дилдан сўҳбатлашмай қўйганмиш. Шу боисми навбатдаги гаштакка қатнашмади ҳам.
Гаштак иштирокчиларига эса бу суҳбат учун энг долзарб мавзу бўлди:
-Эшитдиларингми,Майсарахон қайтиб келибди.-Гап бошлади Муслима опа.-У куни кўрдим,бояқиш жуда тушкун,хафа кўринади.
-ҳа.-тасдиқлади Нигораой.-кайфияти чатоқ уни. Эшитишимча эридан ажрашибди. Маълум бўлишича Шокир бойвачча бошқасига уйланганмиш.
-Чатоқ бўпти-ку.-гапга қўшилди яна бир аёл.-Майсарахон қандай эри билан фахрланарди-я....
Орага оний жимлик чўкди. Шу онда диярли ҳамманинг кўнглидан бир хил ўй кечди “Майсаранинг эри аввал машинасини кейин уйини ва ниҳоят хотинни ҳам янгилабдида” бироқ ҳеч ким буни тилга кўчиришга ботинмади. Зеро, шусиз ҳам масала ойдек равшан эди.