Adashgan avtobus (kamolov)
Нилуфар ҳар сафар катта йўл ёқасидаги зилол суви шиддат билан отилиб турадиган артезиан қудуғи ёнига борганда, челагини қўйиб, йўлнинг қарши тарафига умид билан боқади. Отасини кутади. Мана, қарийб тўрт йил бўлибдики, шу аҳвол. Отаси Ёраҳмад ака Россияга ишга кетганича бедарак. На хат бор, на хабар. Айниқса, онаси Кибриё хола қийналиб кетди. Бу орада Ёраҳмаднинг онаси Султон момо ўғлининг йўлига кўз тикиб оламдан ўтди. Нилуфарнинг бўйи етиб қолди. Укалари "Ейман, кияман", дейди. Томорқадаги ўн сотих узум, битта сигир, тўртта қўй билан амал-тақал кунлари ўтарди.
Нилуфар челагига сувни тўлғазди-да, қўлини пешонасига соябон қилиб йўлга яна узоқ тикилди. Узоқдан бир енгил машинанинг қораси кўринди. Аммо у тез келарди. Тўхтамай вағиллаб ўтиб кетди. Қиз чуқур хўрсинди. Сувга ғамгин тикилиб ўтирди. Шу маҳал ҳовузчага бир тош шалоп этиб тушиб сув сачради. Қиз чўчиб тушди. Кимнингдир кўланкаси пайдо бўлди. Ялт этиб ортига қаради. Жамшид экан. У велосипед рулини тутганча жилмайиб турарди.
– Яхшимисан, Нилуфар? – сўрашди Жамшид.
– Раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз? – дея қиз ним табассум билан ерга қараб олди.
– Нима бало, тушингни сувга айтаяпсанми, дейман-а?
– Йўқ, отам ҳақида ўйлаётгандим, – деди қиз ва бир энтикиб қўйди.
– Россиянинг қаерида ўзи?
– Билмайман.
– Тахминан ҳам билмайсизларми?
– Йўқ, нима эди?
– Қидириб кўрардим-да.
– Қанақа қилиб?
– Кетаяпман...
Қизнинг юраги "шувв" этиб кетди.
– Нима?! Сиз ҳам-а?!
– Ҳа.
– Қачон?
– Эртага болалар билан Тошкентга кетамиз. Сўнг Чимкент постидан ўтиб, у ердан автобусга ўтирамиз.
– У ёқда нима иш қиласилар?
– Чаққон йигитлардан қурилиш бригадаси туздим.
Нилуфарнинг негадир йиғлагиси келди. Кўзларида беихтиёр биллурий томчилар пайдо бўлди.
– Нега йиғлаяпсан?
– Кетганлар қайтмаяпти-ку... – деди қиз пичирлаб.
Жамшиднинг юраги ҳаприқиб кетди. "Қандай яхши. Мен учун қайғураяпти, демак, бефарқ эмас", ўйлади ўзича.
– Отанг ёлғиз кетиб бекор қилганлар-да... Сафарда кори ҳол бўлиши мумкин. Ишқилиб, бошлари омон бўлсин. Мен Ёраҳмад акани албатта суриштираман. Мабодо учратиб қолсам...
Қиз ялт этиб қаради. Унинг ғунча лаблари ҳадикли пирпирарди. Шу тобда йигитнинг елкасига оҳиста бош қўйгиси ва тўйиб йиғлагиси келди. Аммо қаерда тургани ёдига тушиб, ўзини аранг тийди. Хўрлиги келди. Ўғил бола бўлганида-ку, ўзи биларди. Жамшид акаси билан бирга кетган бўлармиди... Ҳеч бўлмаса, акаси ҳам йўқ.
– Сиз отамни топасиз-а, Жамшид ака? – маъюс сўради Нилуфар.
– Албатта. Сен билан менинг тақдирим ўша кишига боғлиқ. У кишининг розилиги керак, – деди йигит аста.
Нилуфар бошини қуйи эгди.
Улар бир-бирини болаликдан ёқтирардилар. Бу муносабат кўпчиликка маълум эди. Жамшид уларникига бир неча бор совчи жўнатди, аммо Кибриё хола афсус билан "Отаси келсалар, кейин жавобини айтаман", деяверди. Унинг ҳам Жамшидни куёв қилгиси бор эди. Лекин эрининг рухсатисиз нимаям қила оларди? Бунинг устига, тўй-тўйчиқ, қуда-андачилик деган гап бор.
Нилуфарнинг кўзларидан ёш томчилари яна думалаб тушди.
– Қачон келасиз? – базўр тили калимага келди қизнинг.
– Бирор йил ишлаб кўрайин-чи.
– Кетманг...
– Кетмасам бўлмайди-да. Тушунасан-ку, тўй-ҳашамга пул керак бўлади. Кейин уй-жойларни ҳам эпақага келтирмасам бўлмайди.
– Хат ёзиб турарсиз?
– Албатта.
– Сизни соғинаман... – деди қиз шивирлаб.
– Мен ҳам...
Шу маҳал челак кўтарган бир болакай келиб қолди.
– Бўпти, мен борай. Сафар олдидан болалар билан маслаҳатлашиб олишимиз керак эди, – деди Жамшид атайин овозини баландлатиб.
– Хўп, яхши боринг, – деди қиз ва ҳаммаҳалла бола ёнида ўзини ноқулай сезиб челакларига ёпишди. Бола севишганларга бир нигоҳ ташлади-да, сувга энгашди. Қиз челакларини кўтариб қудуқдан узоқлашди. Жамшид эса велосипедига ўтириб, жўнаган бўлди.
Болакай уларни тушунди шекилли, илжайиб кулиб қўйди-да, тезгина кетди.
Йигит тўхтаб ортига боқди, Нилуфар ҳам челагини қўйди. Узоқроқдан бўлса ҳам нигоҳлар тўқнашди. Йигит қўлини оҳиста кўтарди. Қиз ҳам беихтиёр қўл силкиб қўйди.
Велосипед ўрнидан оғир қўзғалди...
Нилуфар уйга хомуш кириб келди. Пахта савалаётган онаси ҳар доимгидек ғийқиллаб очилган эшик томон умидли тикилди. Гўё қизи хушхабар билан кирадигандек. Бир оз қизига қараб турди-да, аламини яна увадалардан ола бошлади.
Нилуфар ошхона сари бораркан, Жамшиднинг ҳам Россияга кетаётгани ҳақида онасига айтишниям айтмасликни ҳам билолмай боши қотди. Охири айтмасликка қарор қилди. Остонага келиб эшикка бошини қўйди-да, онасининг ҳаракатини бир оз кузатиб турди.
– Ҳа, қизим, намунча паришон бўлмасанг-а?
– Ўзим, шундоқ.
Она чуқур хўрсиниб қўйди.
– Ҳе-е, ишқилиб, отанг соғ бўлсалар бўлгани. Пул топиб келмасалар ҳам майлига. Очимиздан ўлмасмиз... Ҳалима айтди. Қўшни қишлоқлик бир йигитнинг жасади келганмиш.
Нилуфарнинг юраги музлаб кетди. Жамшиднинг ортидан чопиб бориб "Қайтинг! У томонларга борманг!" дея ҳайқирмоқчи бўлди. Беихтиёр ўтирганча кўзларига ёш олди.
– Йиғлама, қизим, худо хоҳласа отанг албатта келадилар. Умидимизни узмайлик, яхши ният қилайлик. Бечора болам, сен ҳам қийналиб кетдинг, – деди она беихтиёр кўзлари жиққа ёшга тўлиб.
Нилуфар онасига кўнглидаги қўш дардини айтолмаслиги алам қилди, ич-ичидан онасига бор ҳасратини айтиб йиғлагиси, онаси уни овутишини хоҳладию лекин иложсизликдан уйга кириб, бошини сирдош ёстиғига қўйганча юм-юм йиғлади. Отамга ёки Жамшидга бир гап бўлса, у ҳам отам каби бедарак кетса нима қиламан...
Сўнгра кўкламда Жамшид билан адирга чиқиб, чучмомо терганларини, қийғос пишган шафтолизор боғларни кезганларини эслади. Жамшид яхшигина қўшиқ айтарди. Унинг овози Нилуфарни мафтун этарди. Айниқса, "Севиб қолдим" бир қўшиғини гитарани қўлига олиб қиладиган хиргойиси қулоғидан ҳечам кетмасди,Юлдузларга етар қўлим,
Осмонлардай ёруғ йўлим,
Орзулардай оппоқ дилим,
Севиб қолдим,
севиб қолдим.
Эртакка ҳам ишонаман,
Нурга тўла кошонаман,
Зар тилладан остонаман,
Севиб қолдим,
севиб қолдим.
Дилда баҳор гуллар очар,
Дилда гуллар ифор сочар,
Бедор тунлар уйқум қочар,
Севиб қолдим,
севиб қолдим.
Дил осмони булут бўлди,
Ёмғир ёғди ивиб қолдим.
Ҳамма дардим унут бўлди,
Севиб қолдим,
севиб қолдим*.
– Энди Жамшид акам ҳам кетяптилар. Ким билади, уларни мусофир юртларда нималар кутаяпти? Тақдиримиз не кечади? – дея пичирларди кўзёши оқиб тушаётган лаблари титраб.
Шу пайт онасининг "Нилуфар-у!" деган овози эшитилди. "Ҳувв!" дея жавоб берди қиз ва кўзёшларини тез артиб, ойнага қараб олди.
– Чиқақол, болам! Хамир қил, нонимиз оз қолибди!– Хўп бўлади, ойижон! – деди қиз ва хаёлига келган бир фикрдан ўзича хурсанд бўлиб кетди: Хаёлидан "Сафарга отланган Жамшид акамга икки жуфт сутли патир ёпиб бераман. Эҳтимол, бу нонларни ейиш отамга ҳам насиб қилар. Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашади дейишади-ку! – деган фикр ўтди.
Қиз шу ўйлар оғушида чаққонлик билан хамир қоришга уннади. Хамир кўпчигач, астойдил эзғилади. Икки ошиқ кўнгилнинг айрилишига гўё шу хамир сабабчидай. Сўнгра бўлакчаларга ажратди. Хаёлига яна бир фикр келди: "Бир бўлагини бўғирсоқ қилиб пишириб берсам-чи?" Тандирга ўт ёқди. Ловуллаб ёнаётган ғўзапоя алангасида ҳам Жамшиднинг аксини кўргандай бўлди. У "Мени кут, Нилуфар. Мен тез қайтаман. Отангни албатта топаман. Кейин тўйимиз бўлади. Ширин турмуш қурамиз. Бир этак фарзандларимиз бўлади. Мен уларга қўшиқ айтиб бераман", деяётгандай эди.
– Вой, намунча ғўзапояни кўп ташламасанг-а, болам. Бунақада қишга ўтинимиз етмайди-ку.
– Яхшироқ қизисин, дедим-да, ойижон.
– Қизиб бўлибди-ку, хаёлинг қаёқда ўзи?
– Хўп, – деди Нилуфар ва тандир ичига разм солди. Тандир қизариб бўлганди. У чўғни ўртага тўплаб қўйди. Қизариб ловуллаётган юзидаги ва чаккасидаги маржон-маржон терларини артди.
Пишган патирларнинг тўрттасини онасига кўрсатмаслик учун алоҳида ажратиб қўйди. Энди ошхонада ёғни доғ қилиб бўғирсоқ пишириб олиши керак. Аммо тўсатдан у ерга онаси кириб қолди.
– Ҳа, нима пишираяпсан, қизим? – сўради ҳайрон бўлиб.
– Бўғирсоқ, – деди қиз.
– Нега?
– Егим келди-да.
Она бир хўрсинди-да бошини ўйчан сарак-сарак қилиб қўйди.
– Ҳа-а, отанг ҳам бўғирсоқни яхши кўрарди. Сен барибир отангга тортибсан-да, қизим, – дея, нари кетди.
Нилуфар онасининг ортидан ачиниб қараб қолди: "Юрсалар ҳам, турсалар ҳам отамни ўйлайдилар-а. Эҳ, отажон, қаерларда юрибсиз?! Ахир онам адойи тамом бўлдилар-ку!.."
– Ойижон! – дея қичқирди қиз тўлқинланиб. – Биласизми, бу бўғирсоқларни мен ким учун пишираяпман?
Она қизига савол назари билан боқди.
– Отам учун! – деди қиз сирли табассум билан.
Онанинг юзини тундлик тарк этди. У ҳам жилмайди.
– Нима? Бирор хабар эшитдингми-а?!
– Қўшни маҳалладан бир йигит ўша ёққа ишга жўнаб кетаётган эмиш. Ундан бериб юбормоқчиман.
– Шунақами?.. – дея ўйланиб қолди аёл. – Майли, болам, чиқмаган жондан умид, дейдилар. Ёнига бир жуфт нон ҳам солиб бер, хўпми?
Қиз севиниб кетди:
– Хўп бўлади, ойижон!
– Ҳа-а, ким экан ўша йигит-а?
– Ҳм-м... Жамшид акам-де.
Онанинг юз қиёфаси бирдан тундлашди:
– Нима дединг? Вой ўлмасам, у ҳам кетаяпти, де?! – деди аёл хавотирлик билан.
– Ҳа.
– Нима бор экан-а, ўша узоқ жойларда? Ўзимизнинг юртимиздаям иш тиқилиб ётибди-ку. Худди у ёқларда пул тоғ-тоғ бўлиб тургандай, тавба...
– Отам нима учун кетганлар бўлмаса? – тўсатдан сўраб қолди қиз.
– Униям дарди шу эди. Илгари бир-икки ўша ёқларда бозор-ўчар қилиб тузуккина даромад қилиб келувди. Ким билади энди, нима бўлди-нима қўйди, худо билади. Жамшиджон уни топармикин-а? Эҳ, бу эркаклар, ишқилиб бошлари тошдан бўлсин-да. Менга ҳам... Тўйингизни кўриш насиб қилармикин... – деди аёл кўзига ёш олиб.
– Вой, яхши ният қилинг, ойижон. Ҳали кўрасиз, отам қайтиб келадилар. Уйимиз тўлиб кетади.
– Илоҳим, айтганинг келсин. Бўғирсоқларингни олиб бориб берақол, қизим. Отангга икки энли хат ҳам ёз. Ҳа, айтмоқчи, у ўша ёқлардан уйланиб олган бўлсаям... ҳеч хижолат бўлмасин, хўпми? Эркакчилик-да. Шунақа деб ёза қол, болам.
Шундай дедию, аёл кўзларидаги ёшларини артиб, нари кетди. Нилуфар онасининг ортидан ҳайрон тикилиб қолди.Орадан тўрт ой ўтди. Ёз ойлари эди. Бу вақт ичида Жамшиднинг омади чопди. У Олтой ўлкасидаги тевараги ўрмонзорлардан иборат объектни бошдан оёқ қуриш бўйича иш олди. Қонуний меҳнат шартномаси тузишди. Қурилишни пойдевордан бошладилар. Ишлар ёмон эмас, озиқ-овқат таъминоти ҳам жойида, иссиқ вагончаларда яшардилар. Маошлари ишбай, баъзида аванс ҳам олиб туришарди. Жамшид рус мактабида ўқигани учун рус тилини яхши биларди. Қолаверса, тунги дам олиш вақтларида ёрқин гулхан қошида гитарасини чалиб, ўзбекча ва русча қўшиқларни худди Владимир Висоцкий йўлида ижро қиларди. Шу тариқа тез орада қурилиш эгалари ва қурувчилар меҳрини қозонди. Бу қўшиқлар ўзи каби ёри ва диёридан узоқ кишилар дардига малҳамдек эди.
Атроф қалин ўрмон билан қопланган бўлиб, сал нарида азим Обь дарёси оқарди. Сокин оқаётган дарёни сал баландликдан бемалол кўриш мумкин. Дарё соҳилларига бориш анчагина қийин бўлиб, ботқоқлик, тиканли чакалакзорлардан иборат эди. Аммо бошқа бир нохуш ҳолат бор эдики, бу ҳам бўлса, баланд девор билан ўралган қўшни ишхона ҳовлисидан анқийдиган бадбўй ҳид эди. У ерда ҳайвон терилари кимёвий усулда қайта ишланиб, чарм тайёрланарди.
Заводнинг Давид исмли хўжайини Жамшиднинг олдига келиб илиқ саломлашди. Унинг кўзлари қизарган, нигоҳида қандайдир безовталик аломати сезиларди.
– Исминг нима?
– Жамшид.
– Қўшиқни яхши айтар экансан. Демак, сен бригадирсан, шунақами?
– Ҳа, – деб жавоб берди йигит ҳам рус тилида.
– Ишларинг қалай?
– Чидаса бўлади, – деди йигит ва бурнини қўли билан тўсиб, жийириб қўйди.
Давид уни тушунди шекилли, кулди:
– Духи ишлаб чиқарамиз-да.
– Ҳа, яхши духига ўхшайди, – деди Жамшид кулимсираб.
– Бу ҳид асосан анави ердаги ахлат чуқуридан келади. Менга қара, кел, бир иш қилайлик. Сендан илтимос, қурилишдан чиққан чиқиндиларингни ўша ерга тўкинглар, ҳар ҳолда кўмилиб, ҳиди камаярмиди.
– Майли, лекин аравани қандай олиб ўтамиз?
– Деворнинг ҳув анави ерини бузиб эшик очиб олинглар. Аммо уни доимо қулфлаб юрасан. Калитни бировга бермайсан, келишдикми?
– Келишдик. Лекин бизнинг хўжайиннинг бундан хабари борми?
– Ҳа, бор. Сизлар қураётган бино аслида бизнинг буюртма, кейинчалик бизнинг маъмурий биномиз бўлади. Офис ёнида сассиқ ҳовузнинг бўлиши яхшимас-да, нима дединг? Хуллас, кўмиб ташлайверинглар. Мен қоровулларимга тайинлаб қўяман, тушундингми?
– Ҳа, – деди Жамшид.
– Манавини олиб қўй, – деди Давид бир оз пул узатиб, – ҳар ҳолда сизларга қўшимча иш. Қурасизлар, ташийсизлар.
– Ҳожати йўқ эди.
– Ол, олавер.
Шундай қилишди. Хўжайин кўрсатган жойга темир эшик ўрнатишди. Эшик битгунга қадар нариги томонда юзига ниқоб таққан қуролли қоровул ёнларидан нари кетмади. Қоровул йигит уккиникидай кўзларини ишчилардан узмас, қўриқлаётган ҳовлига томон тез-тез хавотирли нигоҳ ташлаб оларди.
* * *
Эридан дарак бўлавермагач Кибриё холанинг ниҳоят тоқати тоқ бўлди. Жонсарак аёл тўсатдан сафарга тараддудланиб қолди.
– Ҳа, ойи, тинчликми? – сўради Нилуфар.
– Бўл, қизим, тайёргарлигингни кўр.
– Қаёққа?
– Тошкентга бориб келамиз, отангни суриштирамиз, – деди аёл ҳовлиқиб.
– Кимдан?
– Билмасам, қизим. Нимадир қилишимиз керак-ку, ахир. Бизга ёрдам берадиган яхши одамлар ҳам топилиб қолар! Бораверайлик-чи.
– Ахир, сигир, қўйларимиз-чи?
– Сигиримизни қўшни боқиб, сутини соғиб туради. Қўйларимизни Каримбердига сотдим! Йўлга пулимиз бор. Бўлақол тезроқ, қизим.
– Ахир Жамшид акам...
– Жамшид аканг уни тополмаган. Топганида аллақачон хабар берарди. Россияни жуда бепоён дейишади, учратмагандир-да, бояқиш..
Эрталаб йўлга чиққан она-бола пойтахтга тушга яқин етиб келишди. Бироқ қаерга боришни, кимга мурожаат қилишни билолмай гарангсиб юришди. Бир такси келиб ёнларида тўхтади. Тепакал таксичи йигит жилмайиб деди:
– Қаерга борасизлар, онахон?
– Хўжайинимнинг ёнига.
– Яхши. Ўтиринглар, олиб бориб қўяман.
Тиззалари оғриб, аранг юраётган Кибриё хола орқа эшикни очиб, ўтириб қўя қолди. Нилуфар ҳайрон бўлди.
– Бу ёққа ўтиринг, синглим, – деди киракаш олд эшикни очиб.
– Қаерга борамиз, ойи?
– Ўтиравер-чи, худо ўзи бир йўлга бошлар, – деди содда онаси тиззаларини уқаларкан.
Таксичи машина моторини ўт олдирди.
– Менинг эрим Россия деган юртда-да.
– Ўҳ-ҳў! У ёққа боролмайман, хола, жуда узоқ. Чегара постигача етказиб қўйишим мумкин. Постдан ўтасизлар, у ёғига киракашлар тиқилиб ётибди.
– Майли, ўғлим. Аммо дадасининг қайси шаҳардалигиниям билмаймиз-да.
Киракаш мижозларига ҳайрон бўлиб қаради.
– Эҳ-ҳе, бу ёғи таваккал, денг, – деди у қовоғини уйиб.
– Ҳа, таваккал.
– Нима, дараги йўқми?
– Тўрт йил бўлди, – деди аёл чуқур хўрсиниб.
– Вой-бў!.. Нима қилай унда, ҳайдайинми?
– Ҳайданг!
Улар кўп ўтмай Қозоғистон чегара постига етиб келишди.
– Онахон, ёнингизда эрингизнинг бирорта сурати борми?
– Ҳа, бор.
– Беринг-чи. Мен бир танишларга кўрсатиб кўраман, – деди таксичи.
Нилуфар сумкасини шоша-пиша кавлаштириб, дадасининг суратини олиб берди.
– Илоҳим, барака топинг, ўғлим.
– Сизлар ўтириб туринглар, хўпми? – деди у ва пост томон қараб кетди.
Чегара пости сафарга отланган одамлар билан гавжум эди. Улар орасида қўлида калитини айлантириб "Таксилар бор, такси!" деб юрганлар ҳам сон мингта. Бир оздан сўнг ҳайдовчи юзида самимий табассум билан қозоқбашара бир кишини бошлаб келди.
– Онахон, манави йигитнинг исми Мурод. У нариги томонда посадчик. Худо деган экансиз, шекилли. У эрингизни танигандай бўлаяпти.
– Вой, шунақами? Ўзим ўргилай, сиздан!
– Мен бу кишини қайси машинага ўтириб кетганини эсладим, – деди Мурод қозоқча аралаш лаҳжада. – Ўша таксичи ҳозир шу ерда бўлиши керак. Фақат сизлар чегарадан у ёққа ўтасизлар. Уни кутасизлар. Кеч қолиб кетсангизлар, тунашга жой топиб бераман.
– Вой, майлига, ўғлим. Хайрият, сизни худойимнинг ўзи бизга етказди. Шунгаям шукур, – деди севиниб Кибриё хола.
– Бўлмаса, навбатга туриб чегарадан ўтаверинглар. Мен ўша ёқда бўламан, топиб оласизлар. Паспортларинг жойидами, ишқилиб?
– Ҳа, жойида, – деди Нилуфар.
Келишишди. Мурод ҳам, таксичи ҳам кетишди. Божхона постидан навбат кутиб ўтиб олишгунга қадар тинкалари қуриди. Мурод кутиб турганди.
– Омадингиз бор экан, онахон, – деди у кулиб. – Ўша мен айтган, эрингизни олиб кетган таксичи суратни кўриб таниди. У эрингизни қаерга олиб бориб қўйганини билади, албатта.
Она-бола ҳозироқ оталарини учратиб қоладигандай қувониб боришарди. Машиналар кўп эди. Бир автобус эшиги олдида туриб олган чиптачи киши "Келинглар, Новосибирскка жўнаяпмиз! Энг арзон чипта бизда, юз – юз эллик минг сўм! Икки суткада етказиб борамиз, гарантия!" деб тинмай бақириб-чақирарди.
– "Юз – юз эллик минг", дейсизми? Нега нархи икки хил? – ҳайратланиб сўради сафарга отланган ўрта ёшлардаги бир киши.
– Юз эллик минглигида ўтириб кетасиз, юз минглигига ўртага чиройли қилиб тахтача қўйиб берамиз. Олтмиш киши оламиз.
– Ҳа, тушунарли. Арзон экан.
– Келинг, отахон, юз эллик мингликдан иккита жой қолди, холос.
– Менга юз минглигиям бўлаверади. Қиз узатаётгандим. Эллик минг ҳам ҳарна-да. Икки сутка ҳеч гапмас, чидаса бўлади, нима дедингиз?
– Нима мақсадда кетаяпсиз ўзи, отахон? – сўради чиптачи.
– Эл қатори меҳнатга-да.
– Борар жойингиз аниқми?
– Э, йўқ. Одамлар бор таваккал деб кетишаяпти-ку. Рисқ-насиб қилгани-да.
– Хоҳласангиз, яхши иш жойлари бор. Йўл-йўлакай ташлаб ўтиб кетамиз.
– Э, шунақами, яхши бўларди, – деди у киши ва қўйнидан минг сўмлик бир пачка пулни чиқариб узатди.
– Мана чиптангиз, орқага ўтиб, бемалол жойлашаверинг. Ҳа, исмингиз нима эди, тоға?
– Сувонқул.
– Сувонқул ака. Битта жойда сизбоп яхши иш бор. Ўша ерга борганда автобусни тўхтатиб, сизни чақираман. Беш-олти киши тушиб қоласизлар, хўпми? Сизларни бир енгил машина кутиб олади. Паспортингизни пропискага қўйишади. Ишлашга рухсатнома олиб беришади. Хуллас, ҳаммаси қонуний бўлади.
– Раҳмат, ука. Барака топинг.
Она-бола бу суҳбатни тинглаганча автобус ёнида туриб қолишди.
– Отанг ҳам худди мана шу кишига ўхшаб кетган шекилли, қизим.
– Ҳа. Демак, ўша таксичи отамни қаердадир йўлда тушириб қолдирган.
– Қара-я, қизим, – деди Кибриё хола ҳаллослаб. – Ишимизнинг ўнгидан келганини...
– Нима қиламиз, отамнинг манзилини билиб олсак, кетаверамизми?
– Қанийди, болам. Тўхта-тўхта, пулимиз кам-ку. Қайтишниям ўйлашимиз керак.
– Отам берарлар.
– Йўқ. Одамнинг бошида ҳар хил иш бўлиши мумкин. Ишқилиб, соғ-омонмикин бечора?
– Яхши ният қилайлик, ойи.
Уларни бир жингалаксоч, миллати номаълум, тилла тишли, ўрта ёшлардаги киши айёрона жилмайиб кутиб олди. Қўлида Ёраҳмад аканинг сурати бор эди.
– Бу кишини эсладим. Тўрт йилча бурун ўзим олиб кетганман, – деди у салом-аликни ҳам насия қилиб.
– Вой, ростданми? Жон болам, сиз у кишининг қаердалигини биласизми-а?
– Ҳа. Йўл-йўлакай бир ерга ишлагани тушириб қолдиргандим. Нима, хабар қилмадими?
– Йўқ.
– Вой-бў! Шунча йилдан бери-я?
– Ҳа. У киши кетганларида манави қизим жуда ёш эди. Ҳозир йигирмага тўлди!..
– Бўлди, онахон, Сизни тушундим. Хоҳласангиз, сизларни олиб кетиб, хўжайинингиз ишлаётган жойга тушириб кетаман.
– Вой, майли. Йўл кирангиз неча пул бўлади?
– Пулларингиз шартмас. Савоб ҳам керак-ку. Эҳтимол, насиб қилса, қайтишда учовларингизни ҳам олиб келиб қўярман. Акахон тузукроқ пул топган бўлса, рози қилишар, ҳимматлари-да, – деди ҳайдовчи ва ҳеҳелаб беўхшов кулиб қўйди.
– Вой, айланай сиздан. Биздан қайтмаса, худодан қайтсин.
– Бўпти, юринглар бўлмаса. Паспортларинг қани? Менга беринглар. Йўлда "текшир-текшир" кўп.
– Ишимиз ўнгидан келганини қара-я. Паспортларимизни амакингга берақол, қизим.
Нилуфар паспортларни ҳайдовчига узатди.
– Ҳов анави толнинг тагидаги "Мерседес"га яхшилаб жойлашиб ўтириб олаверинглар. Мен ҳозир... – деди ҳайдовчи ва паспортларни варақлаб Муродга маъноли илжайди-да, биргаликда юк машинасининг ортига ўтишди."Мерседес" автобуси ниҳоят Нилуфарнинг отаси ишлаётгани тахмин қилинган манзилга етиб тўхтади. Қизиғи шундаки, йўловчиларнинг
ҳаммаси айнан шу манзилга ишга келган кўринарди. Машина баланд деворли, худди қамоқхона каби тепасига тиканли сим тортилган ишхона ҳудудига яқин жойда турарди. Ҳайдовчи қўл телефонида аллақаёққа қўнғироқ қилганди, дарвоза ланг очилди. У ерда машинани қора ниқоб таққан ва қуролланган кишилар кутиб олишди. Корхона ҳудудидан бадбўй ҳид анқирди. Йўловчилар ниқобни шунинг учун ҳам тақиб олган шекилли, деган ўйга боришган бўлишса ажабмас. Кимдир