Marsga Xujum Rey Bredberi romani (6-bet)
Ой пирпираб турарди, узоқ-узоқлардан рақс мусиқалари ва босиқ овозлар қулоққа чалинарди.
— Мана, кўрдингми, Марс қанақа! — деди капитан ечинар экан.
— Ҳа, шунақа. — Эдвард секин ечинди, қўйлагини бошидан шошмайгина тортиб олди, офтобда қизарган кенг елкалари, мушакдор бўйни кўринди. Чироқ ўчирилди. Ана, улар 30 йилми, 40 йилми олдингидек яна каравотда ёнма-ён ётишибди. Капитан ёсуман ҳиди тутган ҳавони ҳузур қилиб ичига тортганча, тирсагига суяниб туриб ўтирди. Дарахтлар орасидаги майсазорда кимдир патефон қўйди. Ундан “Ҳар доим” деган куй янграй бошлади.
Блэк Мэрлинни эслади.
— Мэрлин ҳам шу ердами?
Акаси деразадан тушиб турган тўртбурчак ой нурида чалқанча тушиб ётар эди. У ҳадеганда жавоб бермади.
— Ҳа, — бир оз тараддудланиб қўшиб қўйди. — Ҳозир шаҳарда эмас, у эртага эрталаб бўлади.
Капитан кўзларини юмди.
— Мен Мэрлинни жуда ҳам кўргим келаяпти.
Жимжит хонада уларнинг нафасларигина эшитилиб турарди.
— Яхши ётиб тур, Эд.
Жимлик.
— Яхши ётиб тур, Жон.
Капитан фикрларига эрк бериб ҳузур қилиб ястанди. Шундагина бугунги зўриқиш унинг вужудидан ситилиб чиқиб кетди ва у ниҳоят одамлардек мушоҳада қилиш имконига эга бўлди. Қаёққа қарамасин, асабийлашган одамлар. Қулоқни қоматга келтирган оркестр овози. Қариндош-уруғларнинг таниш башаралари... Аммо энди...
“Қандай қилиб? — ажабланарди у. — Буларнинг бари қандай қилиб бўлди экан? Нима учун? Ким учун? Бу нима? — илоҳий рўёнинг сўз билан ифодалаб бўлмас фароғатими? Наҳотки худо ростдан ҳам ўз бандалари деб шунчалар куйиб-пишса? Қандай қилиб, нима учун, ким учун?”
Хинкстон ва Люстиг кундузи, дастлабки таассуротлар таъсири остида унга таклиф қилган назарияларни тарозуга солиб кўрди. Сўнг эринчоқлик билан турли янги тахминларни ўзининг теран фаросати қаърига тошчалар каби бир-бир ташлаганча, обдон фикр элагидан ўтказди, шунда унинг шуурида аллақандай ёрқин тушунчалар милтиллаб кўзга чалина бошлади. Ойиси. Отаси. Эдвард. Марс. Ер. Марс. Марсликлар.
Қизиқ, минг йил олдин Марсда ким яшаган экан? Марсликларми ёки ҳар доим бугунгидек бўлганми?
Марсликлар. У паст овозда ўзича шу сўзни бир неча бор такрорлади.
Тўсатдан у қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбораёзди. Кутилмаганда миясига ўтакетган бемаъни фикр келиб қолди. Баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳе-йўқ, бу бўлмағур нарса, албатта. Ҳеч ҳам бўлиши мумкин эмас. Пуч гап. Миянгдан чиқариб ташла бу гапларни, ғирт кулгили.
Барибир ҳам... Агар тахмин қилсанг! Ҳа, Марсда фақат марсликлар яшашини тахмин қилсагина. Уларнинг кемамиз яқинлашиб келаётганини, унинг ичида бизнинг ўтирганимизни кўришганини тасаввур қилса... Яна дейлик — шунчаки қизиқ учун — чақирилган меҳмонларни босқинчилар сифатида йўқ қилиб юборишга аҳд қилишганини, буни ҳам жуда устамонлик билан, чаққонлик билан, бизнинг хушёрлигимизни бир пулга чиқариб, уддалашларини тасаввур қилса. Кўрдингизми, атом қуроли билан қуролланган ерликларга қарши марсликлар қанақа воситаларни ишга солишмайди.
Бунинг жавоби саволидан ҳам қизиқ эди. Телепатия, гипноз, эсдаликлар, тасаввурлар.
Фараз қилайлик, бу уйлар ҳеч ҳам ҳақиқий эмас, каравот ҳам ҳақиқий эмас, булар барчаси менинг ўз тасаввурларим маҳсуллари, Марс телепатияси ва гипнози ёрдамида моддийлаштирилган тасаввурлар, — хаёл суришда давом этди капитан Жон Блэк, — аслида уйда ҳамма нарса бошқача, марсликлар дидига қараб тузилган, бироқ менинг орзуларим ва хоҳишларимга қараб иш тутган марсликлар шундай найранг ишлатишганки, гўё мен ўз жонажон шаҳримни, ўз уйимни кўриб тургандекман. Агар одамнинг кўнглига шубҳа уруғини сепиб, уни тузоққа илинтирмоқчи бўлсанг, унинг ўз отаси ва онасидан ҳам яхшироқ илмоқни топиб бўлар эканми?
Ҳали менинг экипажимдан биронтаси ҳам дунёга келмаган 1926 йилдаги эски кўҳна бир шаҳарча! Мен 6 ёшда эканлигимда, дарҳақиқат Гарри Лодер қўшиқлари ёзилган пластинкалар урф бўлган эди, уйларда Максфил Парриш суратлари осилиб турарди, мунчоқли пардалар бўларди, “Ажойиб Огайо” қўшиғи айтиларди ва ХХ аср бошлари меъморчилик бинолари қад кўтариб турарди. Борди-ю, марсликлар шаҳар ҳақидаги барча тасаввурларни менинг шууримдан суғуриб олган бўлсалар-чи? Ахир айтадилар-ку, болалик тасаввурлар ҳеч қачон эскирмайди, деб. Менинг тасаввурларим билан шаҳар қуриб, улар бу шаҳарни ракета экипажининг барча аъзолари хотирасида яшовчи қариндош-уруғлари ва яқинлари билан тўлдириб қўйишган!
Фараз қилайлик, қўшни хонада ухлаб ётган икки одам ҳеч ҳам менинг отам ва онам эмаслар, марсликлар эса шунчалик зеҳндор бўлишадики, мени гипноз ортида ҳар доим тутиб туришга уларнинг тоб-тоқатлари чидамайди, ахир...
Мана бу духовой оркестр-чи! Қандай ғаройиб, ҳайратомуз режа! Аввал Люстигнинг, орқасидан Хинкстоннинг бошини қотириб, кейин халойиқни ҳайдаб келиш; фазогирлар ўн, йигирма йил аввал ўлган оталарини, оналарини, холаларини, қайлиқларини кўрганларида уларнинг дунёдаги ҳамма нарсани унутиб юборишлари, буйруқни унутиб юборишлари, кемадан отилиб чиқиб, уни ташлаб кетишлари ажабланарли эмасми? Бу ерда нима табиийроқ бўлиши мумкин? Бу ерда қандай шубҳалар бўлиши мумкин? Барчаси жуда оддий: кимки кавлаштира бошласа, қаршисида тирилган онасини кўриб, саволлар бера бошласа, — ахир бахтдан лол, карахт бўлиб қолиши ҳеч гап эмас-да. Мана сизга натижаси: ҳаммамиз турли уйларга тарқаб кетдик, каравотларда ётибмиз, қуролларимиз йўқ, ҳеч нарса билан ўзимизни ҳимоя қилолмаймиз, ракета ҳам ойдинда ташландиқ ҳолда турибди. Агар бизларни бир-биримиздан ажратиб битта қўймай қириб ташлашни ўйлаган бўлсалар, марсликларнинг бу риёкорона режаларини тасаввурга келтиришнинг ўзиёқ одамни ҳар нарса қилиб қўймасмикан? Балки қоқ ярим тунда мен билан ёнма-ён ётган мана бу акам бирдан ўзгариб қолса, қиёфаси бутун борлиғи бошқача шаклга кирса ва адоватли, қўрқинчли ёввойи бир махлуққа айланиб қолса, бу унинг марслик бўлиб қолганини билдирадими, ахир бундан баттарроқ нарса бўлиши мумкинми? Ётган жойида мен томон бурилиб, қоқ юрагимга пичоқ санчиш унинг учун гап бўлибдими? Қолган бошқа барча уйлардаги ўн-ўн бешта ака-ука ва оталар ҳам ана шундай ўзгариб, қўлларига пичоқ олиб ҳеч нарсадан тап тортмай ухлаб ётган ерликларни ана шундай сўйиб ташлашса...
Жон Блэкнинг қўллари адёл остида титраб кетди. Унинг эти жунжикди. Тўсатдан бу ҳақиқатга айланди-ю, унинг вужудини даҳшатли қўрқув қамради.
У туриб ўтирди-да, қулоқ сола бошлади. Атрофда тиқ этган товуш йўқ. мусиқа тинган. Шамол тинди. Ёнида акаси донг қотиб ухлаб ётибди.
У оҳиста адёлни устидан олди. Сирғалиб пастга тушди ва товуш чиқармайгина эшик томон юрди. Шу пайт акасининг овози қулоғига чалинди:
— Қаёққа?
— Нима?
Акасининг овози баданни тешиб ўтгудек бўлди.
— Бирон узоқроқ ёққа бормоқчимисан?
— Сувга.
— Сувсаганинг йўқ.
— Сувсадим, нега сувсамас эканман.
— Йўқ, сувсаганинг йўқ.
Катта Жон Блэк шиддат билан югуриб кетди. У қичқирди. У икки марта қичқирди.
У эшиккача етолмади.
Каллаи саҳарда оркестр мунгли мотам куйини чалар эди. Кўчадаги ҳар бир уйдан мўъжазгина тобутчаларни кўтариб, одамлар чиқар эдилар; чиқиб тош йўл устида ўтирардилар-да, кўз ёшларини артар эдилар. Хотинлар, оналар, опа-сингиллар, ака-укалар, амаки-тоғалар, оталар. Улар янги қабр кавлаб қўйилган ва янгигина қабр тошлари кутиб турган қабристонга йўл оладилар. Ўн олтита қабр, ўн олтита қабр тош.
Мэр қисқагина мотам нутқи сўзлади. Унинг юзи ўзгариб кетганидан бу мэрми ё бошқа бир одамми, билиб бўлмас эди.
Жон Блэкнинг отаси ва онаси қабристонга келди, акаси Эдвард ҳам келди. Улар йиғлар, оҳ-воҳ қилар эдилар, чеҳралари эса аввалги таниш аломатларини йўқотиб, аста-секин ўзгариб борар эди.
Люстигнинг бобоси ва бувиси ҳам ўша ерда эди ва ҳўнграб йиғлашар эди, уларнинг ҳам юзлари мумдай эриб, чўзилиб борар, худди жазирама кунга бардош бермаётгандек туюлмоқда эди.
Тобутларни қабрга туширишди. Кимдир “Бир туннинг ўзида ўн олтита одамни ажал тўсатдан ва бевақт олиб кетгани” хусусида ўзича ғудранарди.
Кесаклар қабр қопқоғи устига дўпирлаб туша бошлади.
Оркестр “Океан дурдонаси Колумбия” куйини чалганча гулдураган мис карнайлар оҳангига монанд равишда шаҳар томон йўл олди. Шу куни ҳамма дам олди.
Июн 2001
ОЙ АВВАЛГИДЕК КУМУШ НУРЛАРИНИ СОЧАДИ
Улар ракетада тун қўйнида чиқиб келишганида ҳаво шунчалар совуқ эдики, Спендер дарҳол гулхан учун Марс шох-шаббаларини теришга тутинди. Марсга учиб келганларини нишонлаш борасида у чурқ этиб оғиз очмади, шох-шаббаларни териб келди-да, олов ёқиб юборди ва унинг қандай ёнишини томоша қилди.
Кейин қуриб қолган Марс денгизи узра қонталаш тонг ҳавосига елкаси оша уларни — капитан Уайлдер, Черок, Хетэуэй, Сэм Паркхилл ва унинг ўзини унсиз қоп-қоронғи юлдузли кенгликлар орқали олиб ўтган ва ҳаётсиз беғам оламга олиб келиб қўйган ракетага қараб қўйди.
Жефф Спендер қий-чув бошланишини кутиб турарди. У дўстларига қарар экан, ҳозир уларнинг сакрашларини, қичқиришларини кутарди... Фақат Марсда улар “биринчи” одамлар экани ҳақидаги ҳаяжонли фикрдан ўзларига келиб олишини кутиш керак. Ҳеч ким бу ҳақда овоз чиқариб бир нарса демасди, лекин юракларида кўплаб, афтидан, уларнинг ўтмишдошлари маррагача етиб кела олмаганига ва биринчилик байроғи буларга, “Тўртинчи” экспедицияга насиб этишига умид қилар эдилар. Йўқ, улар ҳеч кимга ёмонлик тиламасдилар, шунчаки улар биринчи бўлишни хоҳлар эдилар ва ўпкалари оғир ҳавога кўниккунча шон-шуҳрат ҳақида орзу қилар эдилар. Дарҳақиқат, озгина кескинроқ ҳаракат қилинса, худди Марс одамидек бошлари айланиб кетар эди.
Гиббс гуриллаб ёнаётган гулхан олдига келди-да, сўради:
— Шох-шабба нега керак, ахир ракетада кимёвий ёнилғи бор-ку?
— Ҳечқиси йўқ, — жавоб берди Спендер бошини кўтармай.
Биринчи тундаёқ Марсда шовқин-сурон кўтариш ва ракета ичида бу ерга тўғри келмайдиган қўпол буюмни — кўз олгудек чарақловчи печкани кўтариб тушиш ақлга тўғри келмайдиган, тўғриси, номаъқул гап эди. Бу маҳаллий шароитга ҳақорат ҳам бўлади-ку. Ҳали қуюлтирилган сутли банкаларни мағрур Марс каналларига улоқтиришга улгуришади, ўшандай вақт албатта келади, Марс денгизларининг оппоқ яйдоқ тубида “Нью-Йорк Таймс”нинг шалдираган саҳифалари эринибгина сирғаладиган, думалайдиган пайтлар, албатта, келади, қадимги Марс шаҳарларининг нафис шаклли харобалари орасида банан пўстлоқлари ва ёғ юқи қоғозлар тўлиб-тошган пайт ҳам узоқ эмас. Ҳаммаси олдинда кутиб турибди, ҳаммаси бўлади. Бу фикрдан у ҳатто сесканиб кетди.
Спендер гўё ўлик паҳлавонга қурбонлиқ келтираётгандек олов оғзига пайдар-пай шохлар ташлар эди. Улар келиб қўнган сайёра улкан қабристон экан. Бу ерда бутун бир тамаддун ҳалокатга учраган. Оддийгина иззат-икром у ерда лоақал биринчи кунда ўзини одобли тутишни талаб этар эди.
— Йўқ, бунақаси кетмайди! Келиб қўнганимизни нишонламасак бўлмайди! — Гиббс капитан Уайлдерга юзланди. — Хўжайин, бир нечта жин банкаси ва гўшт консервасини очиб, озгина тамадди қилиб олсак ёмон бўлмасди.
Капитан Уайлдер улардан бир милча нарида ястаниб ётган ўлик шаҳарга қаради.
— Ҳаммамиз чарчаганмиз, — деди у паришонхотир, гўё шаҳарнинг ўтмиши қаърига чўмиб, ўз одамлари ҳақида бутунлай унутиб юборгандек. — Яхшиси, эртага кечқурун нишонлаймиз. Бугунча мана бу лаънати кенгликдан бу ергача етиб келганимиз ва ҳаммамизнинг тўрт мучалимиз соғлиги, ракета баданида эса метеоритдан битта ҳам тешик тушмаганлиги ўзи етарли.
Фазогирлар гулхан атрофида депсинар эдилар. Улар ўн иккита эдилар, ким ўртоғининг елкасига қўлини қўйиб турар, ким камарини тўғрилар эди. Спендер уларни жим кузатиб турарди. Улар норози эдилар, улар буюк ишга ҳаётларини гаров қўйган эдилар. Энди улар бўкиб ичишни, вадаванг қўшиқ айтишни, ўзларининг қанчалик абжир йигитлар эканини — космосни тешиб ўтиб, ракетани Марсга ҳайдаб келганларини билдириб қўйиш учун дунёни бошларига кўтариб шовқин солишни истар эдилар. Марсга-я!
Лекин ҳозирча ҳамма сукут сақларди.
Капитан паст овозда буйруқ берди. Фазогирлардан бири югуриб бориб, ракетадан консервалар олиб келди ва уларни очиб, ортиқча шовқин-суронсиз тарқатишди. Аста-секин одамлар гапга кириша бошлади. Капитан ўтирди ва парвоз ҳақида қисқача тушунтириш берди. Улар ҳамма нарсани билар эдилар, аммо ҳаммаси орқада қолганини, иш муваффақиятли ниҳоясига етганини эшитиш ва идрок этиш ёқимли эди. Қайтиб кетиш йўли ҳақида ҳеч ким гапиришни истамасди. Кимдир бу ҳақда оғиз очмоқчи ҳам бўлди, аммо ўша заҳоти унинг унини ўчиришди. Ойдинда қошиқлар ялт-юлт қиларди; таом ғоят мазали туюларди, мусаллас эса ундан ҳам мазалироқ эди. Осмонда аланга йилт этди ва зум ўтмай уларнинг қўналғасидан сал нарига ёрдамчи ракета келиб қўнди. Спендер кичиккина люк очилганини ва ундан Хетэуэй, врач ва геолог тушганини кўрди; — ракетадаги жойни тежаш мақсадида экспедициянинг ҳар бир иштирокчиси иккитадан мутахассисликка эга эди. Хетэуэй шошмасдангина капитаннинг олдига келди.
— Хўш, у ерда нима гаплар? — сўради капитан Уайлдер.
Хетэуэй юлдузлар ёғдусида милтиллаётган узоқдаги шаҳарларга қаради. Сўнг томоғига келиб тиқилган нарсани ютди-да, Уайлдерга нигоҳини олди:
— Ҳов анови шаҳар ўлик, капитан, неча минг йиллардан бери ўлик. Тоғлардаги учта шаҳар каби. Лекин бу ердан икки юз мил наридаги бешинчи шаҳар...
— Хўш?
— Ўтган ҳафтада у ерда одамлар яшар эдилар.
Спендер ўрнидан турди.
— Марсликлар, — қўшиб қўйди Хетэуэй.
— Ҳозир улар қаерда?
— Ўлган, — деди Хетэуэй. — Мен бир уйга кирган эдим. Бу ҳам шаҳардаги бошқа уйлар каби кўп асрлар муқаддам ташлаб қўйилган деб ўйладим. Осмоний кучлар, у ердаги мурдаларнинг кўплиги! Худди кузги япроқлардек тахланиб ётибди! Худди қуруқ поялардек ва ёнган қоғоз бўлакларидек. Улардан фақат шуларгина қолган, холос. Улар яқин-яқиндагина, узоғи билан ўн кун аввал ўлганлар.
— Бошқа шаҳарларда-чи? Битта-яримта тирик жонни кўргандирсиз, ахир?
— Битта ҳам кўрганим йўқ. Шундан кейин мен яна бир нечтасини текшириб кўрдим. Бештадан тўртта шаҳар кўп минг йиллар аввал ташлаб қўйилган. Уларнинг аҳолиси қаерга кетганини ҳеч тасаввур қилолмайман. Ҳар беш шаҳардан биттасида аҳвол шу. Жасадлар. Минглаб жасадлар.
— Нимадан ўлганлар булар? — Спендер яқинроқ келди.
— Айтсам, ишонмайсиз.
— Айтинг-чи, нима экан?
— Сувчечак, — қисқагина жавоб берди Хетэуэй.
— Бўлиши мумкин эмас!
— Худди шундай. Мен текширдим. Сувчечак экан. Унинг таъсири марсликларга ерликлардан бутунлай бошқача экан. Ҳамма гап моддалар алмашинувида экан. Улар куйган ғўладек қорайиб қуриб кетган, мўрт лахтакларга айланган. Аммо бу сувчечак, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бундан шу нарса келиб чиққадики, Йорк ҳам, капитан Уильямс ва капитан Блэк ҳам — ҳар учала сайёҳ Марсгача етиб боришган. Кейин уларга нима бўлгани ёлғиз худога маълум. Лекин биз шу нарсани аниқ биламизки, улар марсликларни шу кўйга солишган.
— Ҳеч жойда ҳаёт аломати йўқми?
— Эҳтимол, бир қанча марсликлар вақтида бир нарсани англаб олганлар ва тоққа чиқиб кетганлар. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам қасам ичиб айтаманки, марсликлардан қўрқмаса ҳам бўлади, улар ҳаддан ташқари оз. Марсликларнинг қўшиғи айтиб бўлинган.
Спендер қайрилди-да, яна гулхан олдига ўтириб, оловга тикилди. Сувчечак эмиш, ё тавба, сувчечакка бало борми! Сайёра аҳолиси миллион йиллар давомида ривожланади, ўз маданиятини такомиллаштиради, мана бунақа шаҳарлар қуради, гўзаллик ҳақида орзу ва тасаввурларини ҳар қандай йўллар билан маъқуллатишга уринади ва — охирида ҳалок бўлади. Бир қисми эрамизгача ўлиб — уларнинг муддати тугаган ва улар жимгина жон беришган, ўлимни шараф билан кутиб олишган. Аммо бошқалар-чи! Эҳтимол, қолган марсликлар даҳшатли бирон-бир касалликдан қирилиб кетишгандир! Ҳечам бунақа эмас. Уларнинг бошига сувчечак етган, болалар касаллиги. Бу касаллик Ерда ҳатто болаларни ҳам ўлдиролмайди! Бу тўғри эмас, адолатдан эмас. Бу қадимги юнонларнинг буқоқдан ўлиб кетган, мағрур римликларнинг эса ажойиб тепаликларда сўгал қирғин келтирган деган чўпчакларга ишониш билан баравардир!
Биз асли марсликларга дафн маросимларини тайёрлаб олишларига, керакли қиёфага кириб олишларига ва ўлим учун бирон-бир сабаб ўйлаб топишларига вақт ва имкон берсак бўлар экан. Бундай эмас-да, — аллақаердаги шарти кетиб, парти қолган, аҳмоқона сувчечак эмиш! Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Бу улар меъморчилигининг улуғворлигига, уларнинг бутун оламига асло мос келмайдиган гап!
— Бўпти, Хетэуэй, энди тамадди қилиб олинг.
— Раҳмат, капитан.
Бўлди! Ҳаммаси эсдан чиқди. Энди бутунлай бошқа нарса ҳақида гаплашишяпти.
Хаёл суришда давом этганча Спендер ҳамроҳларини кузатарди. Тиззасидаги ликопчада турган овқатга қўл ҳам урмади. Ҳаво янада совуқроқ бўлган эди. Юлдузлар яқинроқ келиб, ёрқинроқ чарақлай бошлаган эди. Агар кимдир овозини ҳаддан ташқари баланд кўтариб гапира бошласа, капитан босиққина жавоб берарди, улар ҳам беихтиёр капитанга тақлидан овозларини пасайтирар эдилар.
Бу ерда ҳаво шу қадар тозаки! Спендер узоқ ўтирди, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Вужудига турфа бўйлар оқиб кирди, у ҳатто булар қандай бўй эканлигини ҳам англаёлмай қолди: гулми, кимёвий моддами, чангми, шамолми...
— Ёки бўлмаса, анови Нью-Йоркдаги воқеани олайлик, мен малласоч қиз бор-ку, — ҳаҳ, оти нима эди-я, эсимдан чиқибди... Ҳа, Гинни! Ўшани илаштиргандим! — Бўкирди Биггс. — Қизмисан қиз эди-да ўзиям!
Спендер ғужанак бўлиб олди. Унинг қўллари титрарди. Ингичка юпқа қовоқлари тагидаги кўзлари бесаранжом ўйнарди.
— Ана шу Гинни менга айтадики... — давом этди Биггс.
Дўстона қаҳ-қаҳ кўтарилди.
— Ман ҳам уни бопладим! — қичқирди Биггс шишани қўлидан қўйиб юбормай.
Спендер ликопчасини бир четга олиб қўйди. Салқин шамол эпкинига қулоқ тутди. Оппоқ Марс уйларини завқланиб томоша қила бошлади. Суви қуриб қолган денгиздаги муз тоғларининг ўзгинаси...
— Зўр қизалоқ эди-да, қиёмат! — Биггс шишани кенг даҳанига тўнкарди. — Қанчасини кўрдим — биттаси ҳам унақа эмасди! Ҳавони Биггснинг баданидан таралаётган тернинг қўланса ҳиди тутди. Спендер гулхан ўчгунча бошқа шох-шабба ташламади.
— Ҳой Спендер, ухлаб қолдингми, нима бало, ўтиндан ташласанг-чи! — қичқирди Биггс ва яна шишани сўра бошлади. — Ана шунақа, бир куни тунда биз Гинни билан...
— Космонавтлардан Шенке исмли бири аккордеонини олиб келди-да, қорнини уриб қоққан эди, бир дунё чанг кўтарилди.
— Э-э, эҳ! — ўкирди у. — Ўйнаб-кулганинг қолади!
— Оҳ-ҳоҳ-ҳо! — бўшаган ликопчаларини итқитиб қолганлар унга жўр бўлди.
Учаласи бир қатор бўлиб олди-да, бурлеск қизларига ўхшаб, лапар айтиб қичқирганча оёқларини ўйната кетишди. Яна бирор нарса ўйнаб беришни талаб қилиб, бошқалар чапак чалишди. Чероки кўйлагини ечиб ташлади-да, тер қоплаган баданини ялтиратганча чир айлана бошлади. Ойдиннинг кумуш нурларидан унинг калта олинган сочи ялтирар, арчилган тухумдек силлиқ юзлари ялт-ялт қиларди.
Шамол қуриб қолган денгиз тубидаги енгил туманни ҳайдар эди, тоғлардан улкан қоялар кумушранг ракетага ва мўъжазгина гулханга кўз узмай қараб турарди.
Шовқин-сурон тобора авж олмоқда, раққослар сони кўпаймоқда эди, кимдир зўр бериб сибизға чалар, яна бири папирос қоғозига ўралган найга пуфлар эди. Яна йигирматача шиша очилиб, ичилиб кетди. Биггс атрофда чайқалиб айланар ва қўлларини силкитиб, ўйинга дирижерлик қилишга уринарди.
— Командир, даврага! — қичқирди Чероки капитанга ва қўшиқни ола кетди.
Капитаннинг рақс тушишидан бошқа иложи қолмади. У истамайгина рақс туша бошлади. Унинг сира чеҳраси ёришмаётганди. Спендер унга қараб ўйларди: “Шўрлик! Бу қандай тун бўлди? Нима қилишаётганини ҳам билишмайди-я. Парвоздан олдин уларга бир йўл-йўриқ бериб қўймаса, ўзининг лоақал дастлабки кунларида Марсда рисоладагидек тутишни тушунтириб қўймаса бўлмайди”.
— Бас, — капитан даврадан чиқди-да, чарчаганини баҳона қилиб ўтириб олди.
Спендер капитаннинг кўксига қаради. Чарчаган одамнинг кўкраги кўтарилиб тушмас эдими. Юзида ҳам тердан асар йўқ.
Аккордеон, гармон, мусаллас, қийқириқлар, рақс, ҳайқириқлар, ғала-ғовур, идишларнинг жангир-жунгири, қаҳ-қаҳ уриб кулишлар.
Биггс чайқала-чайқала Марс канали соҳилига борди. У ўзи билан олтита бўшаган шишани олиб олган эди ва биттама-битта уларни чуқур мовий сувга ирғита бошлади. Чўкиб кетаётиб, шишалар қулқ-қулқ қилган овоз чиқарар эди.
— Мен сени лаънатлайман, лаънатлайман, лаънатлайман... — Чулдираб деди Биггс. — Биггс, Биггс номи билан лаънатлайман, эй Биггс канали...
Кимдир қимирлашга улгуришдан аввал Спендер шартта оёққа турди-да, гулхан устидан сакраб ўтиб, Биггс томонга чопиб кетди. У аввал Биггснинг оғзига, кейин эса қулоғига зарба туширди. Биггс чайқалиб кетди-да, тўғри бориб сувга қулади.