tungi.ru

Marsga Xujum Rey Bredberi romani (14-bet)

қизиғида босаяпман. Темирни қизиғида босаётган одамнинг ишига халақит берманг, бу одобдан эмас. Мана шунақа!

— Сиз мени занжирбанд қилиб қўйдингиз!

— Мутлақо тўғри.

— Нима қилмоқчисиз ўзи?

— Сизни шу ерда қолдирмоқчиман.

— Ҳазиллашманг.

— Ғоят муваффақиятли ҳазил.

— Менинг иккинчи қиёфам қани? Наҳотки биз унинг қандай ўлдирилишини кўрмасак?

— Ҳеч қанақа иккинчи қиёфа йўқ.

— Ахир қолганлар-чи?!

— Қолганлар ўлган. Тирик одамларни қандай ўлдиришганини кўрдингиз-ку. Иккинчи қиёфа роботлар эса ёнингизда туриб томоша қилган эдилар.

Гаррет индамади.

— Энди сиз: “Бутун муқаддас нарсалар учун, Монтрезор!” — деб гапиришга мажбурсиз, — деди Стендаль. — Мен эса: “Ҳа, бутун муқаддас нарса ҳаққи” деб жавоб бераман. Хўш, чоғингиз қалай? Бўлинг. Гапиринг.

— Тўнка!

— Нима, мен сизга ялинишим керакми? Гапиринг! Гапиринг: “Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор!”

— Айтмайман, падарига лаънат. Мени бу ердан чиқариб юборинг. — У энди ҳушёр тортган эди.

— Мана. Кийиб олинг. — Стендаль қўнғироқчалари жиринглаб турган ниманидир унга тутди.

— Нима бу?

— Қўнғироқчали қалпоқ. Шуни кийиб олинг, балки мен сизни кейин қўйиб юборарман.

— Стендаль!

— Кийиб олинг, дедим сизга!

Гаррет итоат қилди. Қўнғироқчалар жиринглаб кетди.

— Сиз булар барчаси қачонлардир бўлиб ўтгандек ҳис қиляпсизми? — гапга тутинди Стендаль белкурак, лой, ғиштлар билан андармон бўлар экан.

— Нима қилаяпсиз?

— Сизни мўмиёлаяпман. Бир қатор тўлиб бўлди. Мана бу иккинчи қатор.

— Ақлингизни ебсиз!

— Сиз ҳақсиз.

— Бунинг учун сизни жавобгарликка тортишади!

— Қўйиб юборинг, қўйиб юборинг мени!

Сўнгги ғиштни қалаш қолган эди. Бақириқ-чақириқ ҳамон давом этарди.

— Гаррет? — секин чақирди Стендаль.

Гаррет жимиб қолди.

— Гаррет, — давом этди Стендаль, — биласизми, сизни нима учун бундай қилганимни? Чунки сиз ҳатто тузукли ўқимасдан ҳам мистер Понинг китобларини ёқиб юборгансиз. Китобларни ёқиб юбориш керак деган одамларнинг гапига лаққа тушгансиз. Акс ҳолда сиз, биз бу ерга келишимиз биланоқ, менинг кўнглимдагини дарров билиб олган бўлардингиз. Жаҳолат ҳам эви билан-да, мистер Гаррет.

Гаррет сукут сақларди.

— Ҳамма нарса аниқ бўлиши керак, — деди Стендаль ёруғ меҳробга ўтиб, эгилган қиёфага тушиши учун фонарни кўтариб; — Қўнғироқчаларни секин жиринглатинг-чи.

Қўнғироқчалар жиринглади.

— Энди малол келмаса; “Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор!” деб айтинг, эҳтимол мен сизни озод этарман.

Фонарь ёруғида инспекторнинг чеҳраси кўринди. Бир оз тараддудланиб турди-да, у пойинтар-сойинтар қилиб, такрорлади:

— Бутун муқаддас нарса ҳаққи, Монтрезор.

Стендаль мамнун ҳолда хўрсиниб қўйди ва кўзларини юмди. Сўнгги ғиштни қалади-да, босиб, зичлаб қўйди.

— Reguiescat in pace, азиз дўстим!

У тезгина мағорадан чиқиб кетди.

Ярим тунда соатлар дастлаб бонг урганда, уйнинг еттита залида ҳамма нарса сукунат қўйнига ғарқ бўлганди.

Қизил Ўлим пайдо бўлди.

Стендаль бир лаҳза эшик тагида тўхтаб қолди, яна бир карра ҳамма нарсага кўз югуртириб чиқди. Уйдан югуриб чиқди-да, ҳандақ орқали вертолет кутиб турган жойга шошилди.

— Тайёрми, Пайс?

— Тайёр.

Улар жилмайганча улуғвор бинога қарашди. Худди зилзилада бўлганидек, уй ўртасидан эрий бошлади ва бу ажойиб манзарадан завқланган Стендаль орқа томонда турган Пайкснинг паст овозда хиргойи қилиб айтган сўзларини эшитди:

— “... кўз олдимда қудратли деворлар нураб тушди ва ағанади. Бамисоли минглаб шаршаралар каби анчагача гувиллаган овоз чалиниб турди ва чуқур қора қўлтиқ Эшерлар Уйи харобалари узра унсиз ва тунд бир ҳолда кўздан йўқолди”.

Вертолет ғарб томонга йўл олганча биқирлаб қайнаётган кўл узра учиб борарди.

Август 2005

КЕКСА ОДАМЛАР

Ва ниҳоят, — худди кутилганидек — Марсга кекса одамлар келиб қўна бошлади: улар ҳайқироқ кашшофлар, нозик дидли шубҳапарастлар, устаси фаранг мусофирлар, пок ризқ қидирган хаёлпараст воизлар солган издан йўлга тушган эдилар. Адойи тамом бўлган ва ожиз одамлар, қиладиган бор-йўқ ишлари ўз юракларига қулоқ солишу, ўз томирларини пайпаслаб бўлган одамлар, тишсиз оғизлари билан суюқ дорини тинимсиз ютадиган одамлар, илгари ноябрда умумий вагонда Калифорнияга, апрелда эса учинчи тоифа пароходда Италияга йўл оладиган бу жонли хилқатлар, бу муштдек-муштдек хилқатлар ҳам ниҳоят Марсда пайдо бўлди.

Сентябр 2005

МАРСЛИК

Осмонга тик қадалган мовий чўққилар ёмғир пардаси орасига кириб кўздан йўқолар эди, ёмғир узун каналларга келиб қуйилар эди, қария Лафарж томоша қилгани хотини билан уйидан чиқиб келди.

— Мавсумдаги биринчи ёмғир, — деди Лафарж.

— Мўъжиза... — хўрсинди хотини.

— Раҳмат ёмғири!

Улар эшикни ёпишди, хонага қайтиб келиб, каминдаги кўмир чўғда қўлларини исита бошладилар. Улар совқотиб қалтирар эдилар. Деразадан узоқ-узоқлардаги одамларни Ердан бу ерга келтириб қўйган ракета корпусига келиб урилаётган ёмғирнинг нам йилтиллашини кўриб турар эдилар.

— Фақат мана шунинг ўзи... — деди Лафарж ўз қўлларига қараганча.

— Нима демоқчи эдинг? — сўради хотини.

— Агар Томни ўзимиз билан ола келганимизда...

— Лаф, яна ўша гапми?

— Йўқ, йўқ, кечир, бошқа гапирмайман.

— Биз бу ерга Том ҳақида ўйлагани эмас, тинч, ташвишларсиз қарилик гаштини сургани келганмиз. Унинг ўлганига неча йиллар бўлди. Уни ҳам, ердаги содир бўлган ҳамма нарсани ҳам унутишга ҳаракат қилишимиз керак.

— Тўғри, тўғри, — деди эри ва яна иссиққа интилди. Унинг кўзлари оловда эди. — Мен бу ҳақда бошқа оғиз очмайман. Шунчаки, ҳалиги... Биз унинг қабрига гул қўйган якшанба кунлари Грин-Лон-Паркка қилган сафарларимизни жуда-жуда қўмсаб кетаяпман...

Мовий ёмғир майин сувлари билан уйни ювар эди.

Соат тўққизда улар ётишди; бир-бирининг қўлини ушлаганча улар жим ётар эдилар, эр 55 ёшда, хотин 60 ёшда, ёмғир шовқинига тўла тубсиз зулмат қўйнида.

— Энн, — аста чақирди эр.

— Ҳа? — жавоб берди хотин. — Ҳеч нарса эшитмадингми?

Улар биргаликда шамол ва ёмғир шовқинига қулоқ тутишди.

— Ҳеч нарса, — деди хотин.

— Кимдир ҳуштак чалди, — изоҳ берди эр.

— Йўқ, мен эшитмадим.

— Бориб қарай-чи, ҳар эҳтимолга қарши.

Эр халатини кийди-да, бутун уйни юриб ўтиб, ташқари эшиккача борди. Журъатсиз қадамларини секинлатиб, аста эшикни итарди ва ёмғирнинг муздек томчилари юзига урилди. Шамол эсарди.

Эшик тагида мўъжазгина қиёфа турарди.

Осмонни поралаб чақмоқ чақди, унинг бир зумлик ёғдусида ҳалиги қиёфанинг чеҳраси намоён бўлди. У Лафаржга қараб турарди.

— Кимсиз? — қичқирди чол титраганча.

Жимлик.

— Ким бу? Нима керак сизга?

Ҳамон чурқ этган товуш йўқ.

Чол ўзини ўлгудек чарчоқ, заиф, мадорсиз ҳис қилди.

— Кимсан деяпман? — қичқирди Лафарж яна.

Хотини орқадан келди-да, эрининг қўлидан тутди.

— Нега бунақа қичқираяпсан?

— Нарёқда бир бола турибди, менга жавоб беришни истамаяпти, — деди чол қалтираганча. — У Томнинг ўзгинаси!

— Юр, ухлайлик, сенга шунақа туюлган.

— Ана у, ҳали ҳам турибди, ўзинг қарагин.

Лафарж хотиним баралла кўрсин деб эшикни кенгроқ очди. Муздек шамол, сийрак ёмғир орасидан улар томон ўйчан қараганча бир қиёфа турарди. Кекса хотин эшик кесакисига суянди.

— Кет! — деди у қўлини силкитиб. — Кет!

— Томга ўхшамайди, демоқчимисан? — сўради чол.

Қиёфа қилт этмас эди.

— Қўрқиб кетаяпман, — деди хотин. — Эшикни ёп-да, кетдик, бориб ухлайлик. Керак эмас, керак эмас!...

Шундай дея у ўзича аллақандай дуоларни ўқиганча ётоқхона томон кетди.

Чол ҳамон шамолда турарди, қўллари муздек нам ҳавода қотиб қолган эди.

— Том, — аста деди у. — Агар бу сен бўлсанг, агар мўъжиза рўй бериб, бу ерга келган бўлсанг, мен эшикни ёпмайман. Агар совқотиб исингани уйга кирмоқчи бўлсанг, кир ва бориб камин тагида чўзил, у ерда пўстак ёзиғлиқ.

Шундай дея у аста эшикни ёпди, аммо қулфламади.

Хотин эрнинг келиб ўринга ётганини, ғўжанак бўлиб қалтираётганини эшитиб ётарди.

— Даҳшатли тун. Мен ўзимни жуда қари ҳис этиб кетаяпман. — Аёл пиқ-пиқ йиғлади.

— Бўпти, бўпти, — меҳрибонлик билан уни тинчлантирди эр қучоқлаганча. — Ухла.

Охири хотин ухлаб қолди.

Шу заҳоти чолнинг зийрак қулоғига бир нарса чалинди: ташқи эшик аста-секин очилди, ичкарига ёмғир аралаш шамол урилди, кейин эшик ёпилди. Лафарж енгил одимларнинг камин олдига келганини ва заиф нафасини эшитди. “Том”, — деб қўйди у ўзича.

Осмонда чақмоқ ялтираб, зулматни парча-буриш қилди.

Эрталаб қуёш чарақлаб турар, борлиқни куйдирар эди.

Лафарж меҳмонхона эшигини ланг очди-да, ичкарига тезлик билан кўз югуртириб чиқди.

Гиламчада ҳеч ким йўқ эди.

Лафарж хўрсинди.

— Қарибман, — деди у.

У ювиниш учун анҳордан тиниқ сув келтиргани эшик томон йўналди.

Остонада сал бўлмаса лиммо-лим челакни кўтариб келаётган ёш Томга тўқнашиб, уни ағдариб юбораёзди.

— Салом, ота!

— Салом, Том.

Чол ўзини бир четга олди. Ўсмир оёқ яланг хонадан югуриб ўтди-да, челакни ерга қўйиб, жилмайганча унга ўгирилди.

— Бугун кун жуда зўр!

— Ҳа, яхши, — эҳтиёткорона жавоб берди чол.

Бола бугун ўзини жуда бошқача тутмоқда эди. У ўзи олиб келган сувда ювина бошлади.

Чол олдинга бир қадам ташлади.

— Том, бу ерга қандай келиб қолдинг? Сен тирикмисан?

— Нега тирик бўлмас эканман? — Бола кўзларини кўтариб отасига қаради.

— Аммо, Том... Грин-Лон-Парк, ҳар якшанба... Гуллар... ва... — Лафарж ўтиришга мажбур бўлди. Ўғил унинг олдига келди, тўхтади-да, отасининг қўлидан ушлади. Чол унинг бармоқларини ҳис этди — қаттиқ, иссиқ.

— Сен ростдан ҳам шу ердамисан? Бу туш эмасми?

— Наҳотки менинг бу ерда бўлишимни хоҳламасангиз? — бола ҳаяжонланди.

— Сени қара-ю, Том, нега хоҳламас эканман!

— Унда нега сўраяпсиз? Келдим, тамом-вассалом.

— Лекин онанг, бундай кутилмаганда...

— Ташвиш қилманг, ҳаммаси яхши бўлади. Тунда мен иккалангизга ҳам қўшиқ айтиб берган эдим, бу сизларнинг мени қабул қилишларингизга, айниқса, ойимнинг қабул қилишларига ёрдам беради. Кутилмаган ҳол қандай таъсир қилишини биламан. Шошманг, ўзи кириб келади-да, амин бўласиз.

Бола қалпоғи билан сарғиш жингалак сочларини қоқиб кулиб юборди. Унинг кўзлари ниҳоятда мовий ва тиниқ эди.

— Салом Лаф ва Том! — Она сочларини турмаклаганча ётоқхонадан чиқиб келди. — Ростдан ҳам бугун кун жуда ажойиб-а!

Том жилмайганча отасига бурилиб қаради:

— Мен нима деган эдим?

Учаласи биргаликда уй ортидаги сояда роҳатланиб нонушта қилишди. Миссис Лафарж ҳар эҳтимолга қарши яшириб қўйган бир шиша кунгабоқар шаробини чиқариб қўйди ва барчалари қиттак-қиттак ичишди. Лафарж ҳеч қачон хотинини бу қадар қувноқ кўрмаган эди. Мабодо Томга нисбатан онанинг кўнглида бирон-бир шубҳа бўлганда ҳам уни бировга айтиб солмас эди. Унинг учун ҳамма нарса рисоладагидек бўлар эди. Лафаржнинг ўзи ҳам тобора мана шундай туйғу асирига айланиб бормоқда эди. Она идишларни ювар экан, Лафарж ўғли томон энгашди-да, аста сўради:

— Ҳозир ёшинг нечада, ўғлим?

— Наҳотки билмасангиз, дада? Ўн тўртдаман-да, албатта.

— Хўш, ўзинг аслида кимсан? Сен Том бўлишинг мумкин эмас, аммо кимдир бўлишинг шарт! Кимсан?

— Кераги йўқ. — Болакай кайфи учганча қўллари билан юзини яширди.

— Сен мендан яширма, — насиҳатомуз деди чол. — Мен буни тушунаман. Сен марсликсан, ҳойнаҳой? Мен бу ерда марсликлар ҳақида турли хил масалларни эшитганман, тўғри, гап нимада эканини ҳеч ким билмайди. Улардан жуда кам одам қолган бўлса керак, лекин улар орамизда пайдо бўлиб қолсалар, ерликлар қиёфасида пайдо бўладилар. Мана сен, агар бундоқ қараса, гўё Томсан, лекин Том эмассан ҳам...

— Бу нега керак, ахир?! Мен сизларга нима ёмонлик қилдим? — қичқирди болакай юзини кафтлари билан яширганча. — Илтимос, илтимос, мендан шубҳа қилманглар!

У сакраб ўрнидан турди-да, столдан узоқлашди.

— Том, қайт!

Бироқ бола канал ёқалаб шаҳар томон чопиб борарди.

— Қаёққа кетди у? — сўради Энн; у қолган ликопчаларни йиғиштириб олгани келган эди.

У эрининг юзига қаради.

— Бир нарса деб қўрқитиб юбордингми уни?

— Энн, — деди чол хотинининг қўлидан тутиб, — Энн, Грин-Лон-Парк эсингдадир, ярмаркани ва Томнинг ўпкаси шамоллаб оғриб қолганини эсларсан?

— Нега бундай деяпсан? — аёл кулди.

— Шундоқ ўзим, — секин жавоб берди чол.

Узоқда канал ёқалаб чопиб бораётган Томнинг оёқлари остидан кўтарилган чанг аста чўкмоқда эди.

Кечқурун соат бешда кун ботишда Том қайтиб келди. У хавотир билан отасига қараб қўйди.

— Тағин мени сўроқ қила бошладингизми?

— Ҳеч қандай савол йўқ, — деди Лафарж.

Бола оппоқ тишларини чарақлатиб илжайди.

— Мана бу бошқа гап.

— Қаерда эдинг?

— Шаҳар ёнида. Бир қолиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Сал бўлмаса мени... — у керакли сўзни тополмай чайналди. — Мен сал бўлмаса тузоққа тушиб қолаёздим.

— “Тузоққа” деганинг нимаси?

— Анови каналнинг ёқасида кичиккина темир уй бор, шунинг ёнидан ўтаётсам, мени сал бўлмаса тутиб қолишаёзди... шундан кейин мен бу ерга, сизларнинг олдингизга умуман қайтолмаслигим мумкин эди. Сизларга қандай тушунтиришни ҳам билмайман, сўз тополмаяпман, қандай айтиб беришни ҳам билмаяпман, нима бўлганини ўзим тушунмайман, бу шундай қизиқки, сизларга гапириб берсам, дейман.

— Гапириб бермай қўяқол. Яхшиси, бориб ювин. Овқат маҳали бўлди. Бола ювингани чопиб кетди.

Ўн дақиқалардан кейин каналнинг тинч сатҳида дароз ва озғин, сочлари қоп-қора одам эшаётган эшкак зарбларидан равон сузиб келаётган бир қайиқ кўринди.

— Салом, Лафарж оғайни, — деди у қайиқни тўхтата туриб.

— Салом, Саул, нима гаплар?

— Гапдан кўпи йўқ. Номлендни биларсан — каналдаги Жез саройчада яшайди-ку, ўша.

Лафарж тош қотиб қолди.

— Биламан, нима эди?

— Унинг қанақа ярамас эканлигини ҳам биларсан?

— Айтишларича, у бир одамни ўлдириб қўйиб, шундан Ерни ташлаб кетган экан.

Саул ҳўл эшкакка суянганча Лафаржга диққат билан қаради.

— У ўлдирган одамнинг исм-шарифи эсингдами?

— Гиллингс эди-ёв.

— Худди шундай, Гиллингс. Гап бундай! Икки соатларча олдин мана шу Номленд дегани Гиллингсни кўрдим, деб шаҳарга қичқириб кириб келди. Шу ерда, Марсда яшаяпмиз, деди. Бугун эшитдим, ҳозир эшитиб келаяпман! Гиллингсдан қочиб яшириниш учун у ёқда уни турмага тиқишларини илтимос қилибди. Лекин уни турмага қўйишмабди. Шунда Номленд уйига кетибди ва йигирма дақиқа олдин — одамлар менга айтишди — ўзини пешонасидан отиб ташлабди. Мен ҳозир ўша ердан келаяпман.

— Ана, холос, — деди Лафарж.

— Дунёнинг ишлари шунақа қизиқ бўлар экан-да! — қувватлади уни Саул. — Бўпти, Лафарж, ҳозирча хайр.

— Хайр.

Қайиқ яна каналнинг тинч сатҳидан олдинга сузиб кетди.

— Овқат тайёр, — қичқирди миссис Лафарж.

Мистер Лафарж жойига келиб ўтирди ва пичоқни олиб, стол оша Томга қараб қўйди.

— Том, — деди у, — бугун кечқурун нима қилдинг?

— Ҳеч нима, — жавоб берди Том овқат тўла оғзи билан. — Нима эди?

— Ҳа, йўқ, шунчаки сўрадим-да. — Чол салфетка бурчагини кўйлаги ёқаси ичига тиқди.

Кечқурун соат еттида миссис Лафарж шаҳарга отланди.

— Неча ойдан бери шаҳарда бўлганим йўқ, — деди у.

Том боришдан бош тортди.

— Мен шаҳардан қўрқаман, — деди у. — Одамлардан қўрқаман. Оёғим тортмаяпти.

— Катта йигит бўлиб қолгансан. Шу ҳам гап бўлди-ю! — ён бермай деди Энн. — Гапирма бунақа гапларни. Биз билан борасан. Буни мен айтаяпман.

— Ахир, Энн, бола ўзи хоҳламаса... — орага суқулди чол.

Бироқ миссис Лафарж айтганида туриб олди. У деярлик куч билан ота-болани қайиққа судраб туширди ва барчалари биргаликда оқшом юлдузлари чарақлаб турганда канал бўйлаб йўлга тушишди. Том кўзларини юмиб, чалқанча ётарди, уни ухлаяптими ёки йўқлигини ҳеч ким айтолмасди. Чол ўзича мулоҳаза қилган кўйи унга тикилиб қаради. “Бу ким бўлди, — ўйлади у, — муҳаббатга биздан ҳам ташнароқ бўлган бу қандай зот? Ким у? Ва нима у? — Ёлғизликдан жон сақлагани унга ёт бўлган хилқатлар даврасига келди, одам қиёфасига ва овозига эга бўлди, ундай одамлар бизнинг орамизда қолгани ва ниҳоят ўз бахтини бизнинг эътирофимизда топгани фақат хотирамиздагина яшар эдилар. У қай палладан буён қайси ғордан чиқиб келгани, у Ердан ракеталар учиб келганда бу оламга келиб-ўрнашган қайси халқнинг зурёди бўлди?” Лафарж бошини чайқади. Буни билиб бўлмайди. Бундоқ қарасанг, қайси томонга назар солмагин — у Том, вассалом.

Чол нигоҳини яқинлашиб келаётган шаҳарга қаратди ва унга нисбатан кўнглида нохуш туйғуни ҳис этди. Бироқ, кейин у яна Том ва Энн ҳақида ўйлай бошлади ва ўзига-ўзи деди: “Балки, агар барибир ғам ва қайғудан бошқа ҳеч нарса чиқмайдиган бўлса, оз муддатга бўлса-да, Томни ёнида олиб қолиш нотўғридир... Бироқ биз бу қадар орзу қилган нарсадан қандай воз кечиш мумкин? Гарчи бу бир кунликкина нарса бўлса-да, кейин у ғойиб бўлади, бўшлиқ янада даҳшатлироқ тус олади, қора тунлар — яна қорароқ, ёмғирли тунлар — янада намроқ бўлиб кетади... Бизни бундан маҳрум этиш — оғзимиздаги бир бўлак луқмани суғуриб олишга уриниш билан баробар.”

У яна қайиқ тубида беғам мудраб ётган йигитчага қараб қўйди. Том уйқусида ҳиқ этиб қўйди; туш кўраётган бўлса керак.

— Одамлар, — ғудранди Том уйқусида. — Ўзгараяпман, ўзгараяпман... Қопқон...

— Бўлди, бўлди, йигитча. — Лафарж унинг юмшоқ жингалак сочидан силаб қўйди ва Том тинчланди.

Лафарж ўғли ва хотинига қайиқдан қирғоққа чиқиб олгани ёрдамлашиб юборди.

— Мана, етиб келдик! — Энн чарақлаган чироқларга қараган, таберналар садосига қулоқ солган, пианино ва патефонлар овозидан завқланган, гавжум кўчалардан бир-бирини қўлтиқлаб юрган жуфтларга ҳавас билан қараганча жилмайди:

— Мен уйда қолсам яхши бўларди, — деди Том.

— Илгари бунақа демасдинг, эътироз билдирди она. — Шанба кунлари кечқурун шаҳарга боришга доим интиқ бўлардинг-ку.

— Менга яқинроқ туринг, — шивирлади Том. — Мени тутиб олишларини истамайман.

Энн унинг гапларини эшитиб турарди.

— Нималар деб валдираяпсан, кетдик!

Лафарж боланинг бармоқлари унинг кафтига ёпишганини сезиб, қаттиқ қисди.

— Мен сен биланман, Томми. — У ёнларидан суқулиб келаётган оломонга қаради-да, унинг ҳам кўнгли ғаш тортди. — Биз бу ерда узоқ қолмаймиз.

— Бекорларни айтибсиз, — гапга қўшилди Энн. — Биз бутун оқшомни ўтказгани келганмиз.

Кўчанинг нариги томонига ўтиб, улар уч нафар мастга йўлиқишди. Уларни туртишди, айлантиришди, бир-биридан ажратишди; атрофга аланглаб, Лафарж тош қотиб қолди.

Том йўқ эди.

— Қани у? — жаҳл билан сўради Энн. — Бу қанақа қилиқ бўлди — кўзингни шамғалат қилади-да, ота-онасини ташлаб қочади! Том!

Йўловчиларни туртиб-суртиб мистер Лафарж чор атрофга чопа бошлади. Бироқ, Томдан дом-дарак йўқ эди.

— Қайтиб келади, мана кўрасан, уйга кетаётганимизда қайиқ олдида кутиб турган бўлади, — ишонч билан деди Энн эрини кинотеатр томон етаклаганча.

Бирдан оломон орасида ғала-ғовур бошланди ва Лафаржнинг ёнидан бир эркак ва бир аёл чопиб ўтди. У уларни таниди: Жо Сполдинг хотини билан. Лафарж оғиз очиб, уларга гапиргунича ҳам бўлмай, иккови ҳам кўздан йўқолди.

Хавотир билан атрофга аланглаганча у чипталар сотиб олди ва хотинига итоаткорона эргашганча қоп-қора кинозалнинг ичига кириб кетди.

Соат ўн бирда қайиқ ёнида Том йўқ эди.

— Ҳечқиси йўқ, онаси, — деди Лафарж, — фақат ҳаяжонланма. Мен уни топаман. Шу ерда кутиб тур.

— Тезроқ қайтгин-да.

Аёлнинг овози сувнинг шалоплаши тагида қолиб кетди.

Чол қўлларини чўнтакларига тиққанча тунги кўчалардан юриб борарди. Чироқлар бирма-бир ўча бошлади. Аллақаерда деразалардан одамларнинг гавдалари кўринарди. Гарчи осмонда юлдузлар орасида ёмғирли булут парчалари ҳамон сузиб юрса-да, тун илиқ эди. Лафарж ўғлининг қандайдир тузоқ ҳақида қайта-қайта гапирганини, унинг оломон ва шаҳарлардан қўрқишини эслади. “Бу қандай ношудлик, — ҳорғин ўйлади чол. — Балки, бола бутунлай қочиб кетгандир. Балки, у умуман бўлмагандир...” Лафарж уйларнинг рақамларига бир-бир кўз солганча муюлишдан бурилди.

— Сенмисан, Лафарж?

Остонада трубка чекиб, бир эркак ўтирарди.

— Салом, Майк.

— Ҳа, хотининг билан ғижиллашиб қолдингми? Асабни тинчитгани, шамоллагани чиқдингми?

— Ҳе-йўқ, шунчаки айланиб юрибман.

— Турқингдан ниманидир қидираётгандайсан. Ҳа, дарвоқе, топилдиқлар ҳақида. Бугун кечқурун кимдир торпилибди. Жо Сполдингни биласанми? Қизи Лавиния эсингдами?

— Эсимда, — Лафарж муздек бўлди. Бу гўё иккинчи марта кўраётган тушга ўхшарди. Бундан кейин нима дейилиши кераклигини ҳам у аниқ билиб турарди.

— Лавиния бугун кечқурун уйга қайтди, — деди Майк тутунни пуфлаб. — Унинг бир ой бурун Ўлик денгиз тагида адашиб қолгани эсингдами? Кейин унинг жасадини топишди, ҳарҳолда уники бўлса керак, жуда дабдала қилиб ташлашган экан-да... Шундан бери Сполдинглар ўзларига келганларича йўқ. Жо қаерга борса, йўқ, қизим тирик, бу унинг жасади эмас, дейди. Мана, у ҳақ бўлиб чиқди. Бугун Лавиния пайдо бўлди.

Boshqa hikoyalar